Парламент Қирғизистон байроғини ўзгартиришни муҳокамасиз маъқуллади

Қирғизистонда байроқни ўзгартириш ташаббуси кўтарилганидан бери ижтимоий тармоқларда бу таклифга қарши флешмоб ўтказилиб келинмоқда.

Қирғизистон парламенти 20 декабрда давлат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қонунни 59 депутат қўллади, беш депутат қарши овоз берди.

Президент Садир Жапаров 16 декабрь куни Иккинчи халқ қурултойида сўзлаган нутқида байроқни ўзгартириш ташаббусини ўзи кўтаргани ҳақида гапирган ва қурултой делегатларини бу таклифни қўллашга чақирган эди. Бироқ қурултойда бу масала овозга қўйилмаган.

Янги вариантда байроқдаги тўлқинсимон қуёш нурлари тўғри чизиқларга алмаштирилган. Ўтовнинг том қисмидаги уч боғламли чамбараклар тўрт боғламга алмаштирилган.

Қирғизистонда байроқни ўзгартириш ташаббуси кўтарилганидан бери ижтимоий тармоқларда бу таклифга қарши флешмоб ўтказилиб келинмоқда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари президент Садир Жапаровнинг саҳифаларида ҳам ўз норозиликларини ёзиб қолдирганлар.

Байроқнинг ўзгартирилишига қарши митинг ўтказишга чақирган фаол Афтандил Жоробеков оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланиб қамоққа олинди. Суд унга икки ойгача қамоқда сақлаш эҳтиёт чорасини қўллади.

Қирғизистонда амалдаги давлат байроғи рамз сифатида 1992 йилнинг 3 мартида қабул қилинган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ