Қирғизистонда TikTok суд қарори бўлмагани учун ҳамон блокланмаган

Ҳозирда ТикТок раҳбарияти билан музокаралар давом этмоқда.

TikTok ижтимоий тармоғи Қирғизистонда ҳозирча блокланмаган. Ижтимоий тармоқни блоклаш учун суд қарори керак, лекин суд ҳали бундай қарор чиқармаган, деб маълум қилди 19 декабрда Алоқа соҳасини тартибга солиш ва назорат қилиш хизмати раҳбари Олтинбек Тўкторбоев.

Ҳозирда ТикТок раҳбарияти билан музокаралар давом этмоқда. Октябрда Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ТикТок платформасини тақиқлаш билан боғлиқ техник қийинчиликлар юзага келганини маълум қилган эди.

Вазирлик ёш бўйича чекловларни жорий этиш ва платформа қоидаларини Қирғизистон қонунчилиги билан мувофиқлаштириш шартларини қўйган. Тикток ҳозирча бу талабларни бажармаган.

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги мамлакатда ТикТок ижтимоий тармоғини тақиқлашга киришганини 30 августда эълон қилган эди. Вазирлик баёнотида айтилишича, ТикТок болалар саломатлиги ва ривожланишига зарар етказувчи маълумотлардан фойдаланишга чекловлар қўймаслиги аниқлаган.

Аввалроқ Жўқорғу Кенеш (парламент)депутатлари ҳам ижтимоий тармоқнинг болаларга “салбий таъсири”ни рўкач қилиб Қирғизистон ҳудудида ТикТокни блоклашни таклиф қилган эди.

ТикТок блокланиши ҳақидаги хабар тарқалгач таниқли шахслар ва блогерлар видеосервиснинг тақиқланишига қарши чиққан.

Июнда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси август ойидан бошлаб интернет-трафикни бошқариш ва фильтрлаш имконини берувчи DPI (Deep Packet Inspection) технологиясидан фойдаланишни бошлаши мумкинлиги хабар қилинган эди.

ТикТок – бу қисқа видеоларни яратиш ва томоша қилиш ижтимоий тармоғидир. Ушбу дунёдаги энг кўп юклаб олинган иловалардан бири Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли. Аксар қирғизистонликлар ТикТокдан фаол фойдаланадилар, ўнлаб таниқли блогерлар ушбу хизматда контент яратишади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ