Садир Жапаров савдогарлар намойишлари тўхтамаса, бозорларда ташқи бошқарув киритилишидан огоҳлантирди

Қирғизистон аксар бозорларда савдогарлар жорий этилган янги солиқ тартибига норозилик билдирмоқда.

«Кабар» давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида Садир Жапаров 5 декабрь куни «Дордой» бозорига ташрифини ҳақида гапирар экан, бозорларда янги солиқ тизимига қарши намойишлар тўхтамаса, ҳудди «Қумтор» олтин конида бўлганидек, бозорларда ташқи бошқарув жорий этилишини айтди.

Жапаров ҳукумат «кавлашни бошласа», бозор эгалари ва савдогарлар тўламаган йирик миқдордаги солиқлар аниқланиши мумкинлигини, лекин у ҳуқуқ-тартибот органларига ҳозирча бундай топшириқ бермай турганини билдирган.

Аввалроқ, қирғиз махсус хизматининг раҳбари Ташиев ҳам намойишга чиққан савдогарларни масалани сиёсийлаштиришдан огоҳлантирган эди.

Савдогарларнинг иш ташлашлари 29 ноябрда Қорасув бозоридан бошланди. Шундан сўнг 30 ноябрда Бишкекдаги “Дўрдўй”, “Ўртасой” ва “Мадина” бозорлари савдогарлари митингга чиқди.

1 декабрда эса уларга Бишкекдаги “Аламедин”, уч вилоят марказлари бўлган Ўш, Талас ва Қорақўл шаҳарларидаги қатор бозорларнинг савдогарлари қўшилди.

Савдогарлар жорий этилган янги солиқ тартибидан норози. Янги қонунга асосан Қирғизистондаги савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи барча тадбиркорлар сотувларни касса-назорат машиналари воситасида амалга ошириши лозим. Бундан ташқари сотувчилар ва товар етказиб берувчиларга электрон товар-транспорт йўлланмаси ва электрон ҳисоб фактурасидан фойдаланиш мажбурияти юкланган.

Қирғизистон ҳукумати икки йил олдин солиқ тизимининг янги тартибини босқичма-босқич жорий этишни бошлаган. 2024 йил бошидан эса бу тартиб барча тадбиркорлар учун мажбурий бўлиши белгиланганди.

Янги тартибга асосан: касса-назорат машинаси – сотилган маҳсулот ва кўрсатилган хизмат нархини ҳисоблаб борувчи аппарат; электрон товар-транспорт йўлланмаси – товар, товарни жўнатувчи, уни қабул олувчи ва етказиб берувчи транспорт воситаси ҳамда шунга оид бошқа маълумотлардан иборат электрон ҳужжат; электрон ҳисоб фактураси – қўшимча нарх солиғини ҳисоблаш учун товарни сотган ва товарни сотиш бўйича хизмат кўрсатган томонлар тўлдирадиган электрон солиқ ҳужжати.

Bo'limsiz

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ