Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири Чингиз Айтматов номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди

Бишкекда 28 ноябрда ўтган “Ёшлар форуми”да Чингиз Айтматов номидаги Қирғизистон давлат ёшлар мукофоти эгаларига топширилди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг хабар беришича, “Журналистика ва телекўрсатувлар йўналишидаги энг яхши асар” номинациясида Айгерим Ақилбекова ғолиб деб топилди.

Айгерим Ақилбекова Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири. Унга бу мукофот Озодлик радиоси қирғиз хизмати томонидан тайёрланадиган “Данисте” дастури учун берилди.

Хабарда айтилишича, сўнгги бир йил ичида “Данисте” дастури YouTube платформасида 10 миллион марта кўрилган.

Мазкур дастурда Қирғизистондаги турли миллатлар ва элатлар, чет элдаги муҳожирлар ҳамда инсон ҳуқуқлари масаласи кўтарилади. Масалан, бу дастур доирасида Ўшдаги Ўнадир мавзесида яшовчи ўзбеклар, Боткен вилоятининг Учқўрғон қишлоғидаги тожиклар, Талас вилоятидаги немислар, Иссиқкўлдаги қозоқлар, Чуй вилоятига бошқа давлатлардан кўчиб келган этник қирғизлар, Помирдан Олойга кўчиб ўтган қирғизлар муаммолари кўтарилган.

Чингиз Айтматов номидаги Қирғизистон давлат ёшлар мукофоти 2000 йилнинг 23 августида қирғиз ҳукумати қарори билан таъсис этилган.

Мазкур мукофот ёшлар орасида демократия, маънавий ва маданий қадриятлар, гуманизм ва бадан тарбияси, ватанпарварлик ҳамда ёшларни ижодий изланишларга рағбат қилувчи принципларини олға сурган ижодкорларга берилади.

Ақилбекова «Данисте» дастури билан бир қаторда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган “Эже-синилдер” кўрсатувини ҳам олиб боради.

Айгерим Ақилбекова Озодлик радиоси қирғиз хизматининг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган ягона вакили эмас. Қирғиз хизмати ходимларидан бир қаторлари бундан аввалги йилларда “Қирғизистон халқ шоири”, “Қирғизистон маданият арбоби” ва бошқа унвонлар ҳамда мукофотларга сазовор бўлган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ