Қирғиз мутасаддилари барча қайтаётган муҳожирлар учун иш мавжудлигини иддао қилмоқда

Айни пайтда Қирғизистонда 60 минг бўш иш ўрни мавжуд бўлиб, хориждан қайтаётган муҳожирлар ишсиз қолмайдилар.

Бу ҳақда 14 ноябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган «Ватандошлар-2023» форумида Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубоев маълум қилди.

ТИВ раҳбари келгуси йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланишини, бу жараёнда 10 мингдан 30 минггача иш ўрни яратилишини қайд этди. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Қамбарота ГEСи қурилиши учун ҳам ишчилар керак.

Кулубоев қирғиз меҳнат муҳожирларини Жанубий Корея, Япония, Германия ва қатор Европа давлатларига ишлаш учун юбориш ҳам давом этаётганини айтган.

“Миграция бутун дунёда кетаётган жараён. Ривожланган давлатлар ҳам бу жараёндан ўтган. Одамлар хорижга чиқиб, тажриба орттириб, қайтиб келгандан кейин уни қўллашса, яхши бўлади”, — деди вазир.

Ноябрь ойида Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги сўнгги икки йилда Қирғизистонда ишсизлар сони 7,7 фоизга, расмий ишсизлик даражаси эса 0,3 фоизга камайганини маълум қилган эди. Бандлик хизматлари икки йил ичида 60 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлаганлиги қайд этилган.

2022 йилги маълумотларга кўра, 1 миллион 118 минг қирғизистонлик хорижда меҳнат қилмоқда. Уларнинг асосий қисми (1 млн 63 минг) Россияда ишлайди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ