Тошкентдаги ИҲТ саммити: Эрдўғон Исроилни танқид қилди

Тошкентда ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида ҲАМАС-Исроил уруши ҳам диққат марказида бўлди.

Саммитга мезбонлик қилган президент Шавкат Мирзиёев урушаётган томонларни оташкесимга чақирган бўлса, Туркия раҳбари Эрдўғон Ғарбни “Исроил жиноятларини қўллаётганлик”да айблади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Тошкент саммитида сўзлаган нутқида Исроил Ғазода “инсоний қадриятларни топтаётгани”нини иддао қилди.

TRT рус хизматининг хабар беришича, Эрдўғон Ғазода ҳалок бўлган деярли 11 минг кишининг “73 фоизи аёллар ва болалар” бўлганини айтган.

Унга кўра, Исроил ҳукумати Ғарб давлатларининг қўллови ортидан “мактаблар, масжидлар, черковлар, касалхоналар, университетлар ва тураржой биноларини инсоний қадриятлартни топтаган ҳолда бомбардимон қилишда давом этмоқда”.

“Биз хаттоки болалар ўлимини оқловчи фанатизм билан дуч келмоқдамиз”,- деган Эрдўғон.

Туркия президенти сўзида давом этар экан: “Агар биз ИТҲ ўлароқ, шунингдек, мусулмон сифатида овозимизни бугун баланд кўтармасак, яна қачон баланд кўтарамиз?”- деб айтган.

Бундан аввалроқ Япония пойтахти Токиода 7-8 ноябрда ўтган саммитда “Катта еттилик” мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ҲАМАС-Исроил уруши бўйича ягона позицияларини илк бор умумий ҳужжатда акс эттирган эди.

Мазкур ҳужжатда ҲАМАСнинг 7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужуми қораланган, ўзаро урушаётган томонлар халқаро меъёрларга риоя қилишга ҳамда гуманитар ёрдам етказишни таъминлаш учун ўт очишни тўхтатишга чақирилган.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, сектор ҳудудида 10 мингдан зиёд одам ўлган, уларнинг 4800 нафардан зиёди болалардир. Бу рақамларни мустақил манбалар томонидан тасдиқлатишнинг имкони йўқ.

Исроил томони урушда 1400 дан зиёд одам йўқотган. 241 нафар исроиллик жиҳодчилар томонидан асоратда ушлаб турилибди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ