АҚШ Марказий Осиёга дезинформацияга қарши курашда ёрдам беради

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) янги минтақавий дастурни эълон қилди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) раҳбари Саманта Пауэр Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, барқарор ва «яшил» энергия тизимларини яратиш ҳамда дезинформацияга қарши курашишда ёрдам берадиган янги минтақавий дастурни эълон қилди.

Дастурга деярли 15 миллион доллар ажратилган. Бу ҳақда 24 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган «C5+1» форматидаги (Марказий Осиё мамлакатлари + АҚШ) минтақавий ҳамкорлик бўйича биринчи вазирлар учрашувида қатнашган USAID раҳбари маълум қилди.

USAID маъмурига кўра, журналистлар ва ОАВ энг аниқ маълумотларни аниқлаш ва нашр этиш учун зарур бўлган воситалар ва усуллар билан таъминланади. Шунингдек, АҚШ МО ҳукуматлари билан дезинформация тарқалишининг олдини олишда ва мустақил ОАВ учун шароит яратишда ҳамкорлик қилади.

«Дезинформацияга қарши тура оладиган оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш муҳим демократик ислоҳотдир. Аммо шуни таъкидлаш керакки, бундай демократик ислоҳотлар айни вақтда иқтисодий ислоҳот ҳамдир. Агар компания қуйидаги 3 та нарсага амин бўлса, кўпроқ инвестиция киритади: дезинформация кампанияси қурбонига айланмаслигига ишонч ҳосил қилса; ўз товарлари ишлаб чиқарилишида болалар меҳнати аралашмаганига амин бўлса; бизнесни давом эттириш учун коррупционер амалдорларга пора беришга мажбур бўлмаса. Шундай қилиб, барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган шаффоф ва ҳисобдор ҳукуматларни қуриш мамлакатлар амалга ошириши мумкин бўлган энг муҳим иқтисодий ислоҳотлардан биридир», — деди Саманта Пауэр.

Унинг таъкидлашича, «ОАВни қўллаб-қувватлаш ҳам демократик, ҳам иқтисодий ислоҳотдир».

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ