Пашинян Бишкекдаги МДҲ саммитида қатнашмайди

Бунга сабаб Тоғли Қорабоғ Боку назоратига ўтиши ортидан Россия ва Арманистон муносабатлари ёмонлашгани бўлиши мумкин.

Пашинян 13 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитида «баъзи бир сабабларга кўра» қатнаша олмаслигини айтган.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар беришича, 10 октябрда Садир Жапаров билан телефон мулоқотда Пашинян саммитда иштирок эта олмаслигидан афсусда эканини билдирган.

Икки давлат раҳбарлари саммитга доир масалаларни ҳамда икки томонлама муносабатларга оид масалаларни муҳокама қилган.

Арманистон томони ҳозирча телефон суҳбати ҳақида хабар эълон қилмаган.

Аввалроқ Россия президенти ёрдамчиси Пашинян МДҲ давлатлари раҳбарларининг учрашувида видеоалоқа орқали иштирок этишини тахмин қилганди.

Саммит арафасида Қирғизистонда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилишида эса Арманистондан ташқи ишлар вазири ўринбосари иштирок этади.

Тоғли Қорабоғ Боку назоратига ўтиши ортидан Россия ва Арманистон муносабатлари ёмонлашган. Ереван Россиянинг Кавказдаги ҳаракатларини танқид қилди, янгисини тайинламай туриб КХШТдан ўз вакилини чақириб олди, Украинага гуманитар ёрдам жўнатди ва Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий судга аъзо бўлди.

Никол Пашинян 3 сентябрь куни Италиянинг La Repubblica газетасига берган интервьюсида Россияни тинчликпарвар кучлари уларга юклатилган вазифани бажармаганини, Арманистон ва Қорабоғни боғловчи Лочин йўлаги бўйлаб эркин ҳаракатланишни таъминламаганлигидан шикоят қилган. Унинг айтишича, КХШТ Бокунинг Тоғли Қорабоғдаги ҳаракатларини қораламагани боис Ереваннинг бу ташкилотдан ҳафсаласи пир бўлган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ