Раҳмонга қарши Берлиндаги намойишдан сўнг тожик мухолифатчиларининг қариндошлари ҳибсга олинмоқда

Хориждаги тожик мухолифати Раҳмоннинг Берлинга ташрифи чоғида намойиш ўтказгани учун уларнинг қариндошларига тазийқ бошланганини айтмоқда.

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ва бошқа Марказий Осиё давлат раҳбарлари Германия федерал президенти билан янги «5+1» форматида учрашиш учун 28-30 сентябрь куни Берлинда бўлган.

Мухолиф Миллий Альянс ва “Гуруҳ 24” ҳаракатларининг 30 нафарга яқин вакили Раҳмоннинг ташрифига боғлаб Тожикистоннинг Берлиндаги элчихонаси олдида норозилик намойишини ўтказди.

Намойишчилар Тожикистон президенти Имомали Раҳмондан сиёсий маҳбусларни озод қилишни ва Тожикистонда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини талаб қилган.

Шундан сўнг мухолифатчиларнинг Тожикистонда қолган қариндошларига нисбатан тазийқлар бошланган. Масалан, тожик мухолифатининг хориждаги вакили Шарофиддин Гадоевнинг 72 ёшли онасини, Фарход Одинаевнинг жиянини, Дилшод Шарифовнинг қария отасини ва олти нафар бошқа оила аъзоларини, Бехруз Тагойзоданинг отасини ва намойишда иштирок этган бошқа фаолларнинг қариндошларини маҳаллий полиция бўлинмасига олиб кетишган. Қариндошларнинг баъзилари оз ўтиб қўйиб юборилган, аксарияти ҳақида ҳамон ҳеч қандай хабар йўқ.

Сўнгги йилларда тожик расмийлари томонидан кенг қўлланиб келаётган бу амалиёт кўп марта танқид қилинган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мухолифатчиларнинг оила аъзоларидан гаров сифатида фойдаланмасликка бир неча бор чақирган.

Тожик мухолифати президент Имомали Раҳмонни яккаҳокимликда, барча лавозим ва бойликларни ўз қариндошлари орасида тақсимлашда, ўзгача фикрга тоқатсизликда ҳамда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда айблайди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ