«Кампиробод иши» бўйича айбланувчиларнинг адвокатлари халқаро ташкилотларга шикоят қилмоқда

Изоляторда сақланаётган тўрт нафар сиёсатчи – Равшан Жеенбеков, Азимбек Бекназаров, Жениш Молдокматов ва Кубаничбек Қодировнинг адвокатлари қийноқлар юзасидан халқаро ташкилотларга мурожаат йўллашди.

Адвокат Эркин Саданбеков томонидан чоп этилган мактуб БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Amnesty International ҳамда Қийноқларнинг олдини олиш миллий марказига юборилган. Мактубда сиёсатчилар сақланаётган тергов изоляторидаги шароитлардан шикоят қилинган.

Жазони ижро этиш хизмати бу иддаоларни рад этиб, гумонланувчилар “тергов изоляторларида барча қонун нормаларига риоя этилган ҳолда” сақланаётганини таъкидлаган.

Бироқ изоляторга текширув билан борган Қирғизистон Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази ходимлари қайд этишича, Равшан Жеенбеков, Азимбек Бекназаров, Жениш Молдокматов ва Кубаничбек Қодировларнинг камераларида яшаш шароити меъёрлари бузилган. Баённомада изоляторда сақланаётган қолган 242 киши ҳам шундай номақбул шароитда яшаётгани айтиб ўтилган.

Қирғизистонда 2022 йил октябрь ойида 20 дан ортиқ сиёсатчи ва фаоллар оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўришда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинганларнинг ўзлари жиноий ишни Кампиробод сув омбори ерларини Ўзбекистонга ўтказишга қаршилиги учун сиёсий таъқиб сифатида баҳоламоқда.

Кейинчалик маълум бўлишича, ҳибсга олинганларнинг баъзиларига «ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга» уриниш айблови қўйилган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги терговчиларда бу айбловни дастаклайдиган етарлича далиллар мавжудлигини таъкидламоқда.

«Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида «Кампиробод иши»га тўхталган Садир Жапаровнинг айтишича, «ўша куни ҳибсга олинганларнинг 90 фоизи чегаралар масаласи борасида бир неча бор ўтказилган ёпиқ муҳокамаларда қатнашган ва Кампиробод масаласи Қирғизистон фойдасига ҳал қилинганидан хабардор эди”. Президентнинг сўзларига кўра, ҳибсга олинганлар “халқ орасида фитна қўзғатмоқчи” ва “давлат тўнтариши” амалга оширмоқчи бўлган.

Ҳозирда тергов изоляторида 11 нафар гумонланувчи қолмоқда, қолган айбланувчилар уй қамоғига ўтказилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ