С5+1 президентларининг қўшма баёнотида Марказий Осиё “тинчлик ҳудуди” деб эътироф этилди

Оқ уй тарихда илк бор ўтказилган С5+1 президентлар саммитининг қўшма баёнотини 21 сентябрь куни эълон қилди.

Катта ҳажмдаги матнда асосан минтақанинг энергетик хавфсизлиги масалаларига батафсил тўхталган. Аввалроқ ҳуқуқбонлар муҳокама қилишни сўраган инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва фуқаровий жамиятни дастаклаш масалалари ҳақида баёнотда деярли ҳеч нарса айтилмаган.

АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентларининг қўшма баёнотида айтилишича, ўзаро ҳамкорлик мустақиллик, суверенитет ҳамда ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилишга асосланган ва бу ҳамкорлик С5+1 платформаси орқали мустаҳкамланиб борилади.

Баёнотда муштарак мақсадларга эришишга қаратилган улкан дастур ўзаро ҳурмат ва миллатнинг олдидаги маъсулиятга асосланган барқарор шерикликни талаб қилиши таъкидланган. Шунингдек, С5+1 механизмининг аҳамияти урғуланган ҳолда, бу механизм АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги бобини очиб бераётгани таъкидланган.

С5+1 мамлакатлари Афғонистондаги вазият шароитида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни (матнда, хусусан, мудофаа, терроризмга қарши кураш масалалари бўйича ҳамкорлик тилга олинган) мустаҳкамлаш ниятида.

Баёнотда, шунингдек, жаҳон бозорларига чиқишни енгиллаштириш ва Марказий Осиёга, жумладан, яшил иқтисодиётига узлуксиз халқаро инвестицияларни жалб қилиш учун зарур бўлган узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватловчи чораларни мустаҳкамлаш ҳақида сўз боради.

Бундан ташқари, транспорт йўналишларини диверсификация қилиш учун Транскаспий савдо йўлини («Ўрта йўлак»ни) ҳамда Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғловчи транспорт тармоқларини ва энергетика инфратузилмасини кенгайтириш зарурлиги қайд этилган.

Қўшма баёнотда, асосан, Марказий Осиё давлатларининг энергетика хавфсизлиги, энергия экспортининг янги йўналишларини диверсификация қилиш ва кенгайтириш ҳақида сўз боради.

Аввалроқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) ушбу музокараларда инсон ҳуқуқлари масаласини биринчи ўринга қўйишга чақирган эди. Бироқ қўшма баёнотнинг кичик бир қисмидагина инсон ҳуқуқлари мавзуси кўтарилган. Унда С5+1 иштирокчилари қонун устуворлиги ва демократик бошқарувни тарғиб этишда биргаликда ишлашга содиқ эканликларини яна бир бор тасдиқлаганлар.

С5+1 АҚШ ҳукумати ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг минтақавий дипломатик платформасидир. С5+1 формати 2015 йил ноябрь ойида умумий хавфсизлик ва атроф-муҳит муаммоларини, минтақавий савдони ва АҚШнинг Марказий Осиё билан савдо ва инвестициялари истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида яратилган. АҚШ давлат котиби ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари даражасидаги C5+1 саммити илк бор 2015 йилда Самарқандда ўтказилган эди.

АҚШ президенти Жо Байден Марказий Осиё давлатлари президентлари билан С5+1 форматида илк маротаба учрашади. Мазкур саммитда минтақанинг бошқа президентлари қаторида Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ