Тошкентда соқол ва ҳижоб рейдлари ўтмоқда

Ўзбекистонда рўмол ва соқолга қарши кампания яна кучайган.

Озодликка 13 сентябрь куни жўнатилган видеотасвирларда Андижон шаҳридаги банк коллежи олдида рўмолни ҳижоб сифатида ëпиниб олган талабалардан уни орқадан ўраш талаб қилинаётганини кўриш мумкин.

Талабга бўйсунмаганлар коллеж остонасидан ортга қайтариляпти.

“Андижон шаҳридаги банк коллежидан мурожаат қиляпмиз. Рўмол ўраган талаба қизлардан рўмолини орқа тарафдан ўраш талаб қилиняпти. Бу талаб қонунийми?”, деб ёзди видеони жўнатган талаба.

Ўзбекистон «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар» тўғрисидаги қонунининг (янги таҳрир) 14-моддасида фуқароларга жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги айтилган.

Андижон шаҳридаги банк коллежи олдидаги бу манзарани шу кунларда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлардаги билим даргоҳларида ҳам кузатиш мумкин.

Бухоро муҳандислик-технология институтининг 3-курс талабаси Фотима Абдуллоҳ қизи эса ҳижоби мажбурлаб ечтирилгани ҳақида Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёевага мурожаат қилди.

“Институт проректори, унинг маслаҳатчиси, замдеканим, тюторим мени мажбурлаб ҳижобимни ечтиришга мажбурлашди. Ҳурматли Саида Шавкатовна! Ҳижоб билан ўқишга бориш қизлар учун тақиқланмаганлигини ва биз қизларни ҳимоя қилишингизни илтимос қиламан. Институт раҳбарияти ҳижоб ечтиришни эмас, умуман дарс ўта олмайдиган ўқитувчиларини текширсин….”, – деб ёзди талаба ўз мурожаатида.

Бундан олдин Чирчиқ Давлат педагогика университети раҳбарияти ушбу университетнинг ўзбек тили ва адабиёти учинчи босқич талабаси Каромат Муқимовага университет ётоқхонасидан жой олиши учун ҳижобини ечиш талаби қўйилгани ҳақида хабарлар олинганди.

Соқол ва ҳижобга қарши кампания Олий Мажлис жамоат жойларида юриш-туришга доир Кодексга ўзгартиришларни қабул қилгани манзарасида кузатилмоқда.

Ўтган жума Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раҳбари, муфтий Нуриддин Холиқназаров ислом динида қандай либос кийишга оид қатъий қоида йўқлигини айтган. Муфтий Олий Мажлис қабул қилган жамоат жойларида юриш-туришга оид Кодексга тузатишларга шу тариқа муносабат билдирган.

13 сентябрь куни Озодлик Ўзбекистон масжидларида азон кучайтиргичларни пасайтиришга кўрсатма берилгани ҳақида хабар қилганди.

Озодлик манбаларига кўра, 10 сентябрь куни ўтган ҳукумат йиғилишида Бош вазир Арипов давлат хизматчиларини масжидга бормаслик ҳақида “огоҳлантирган”.

Ҳукумат матбуот хизмати шундай мажлис бўлганини тасдиқлади, лекин Ўзбекистон бош вазирининг амалдорларга ё динни, ёки давлат ишини танлаш талабини қўйгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Алихонтўра Шокиржон ўғли исмли Фейсбук фойдаланувчиси, шу кунларда Сергели бозорида «антисоқол» рейди ўтказилгани, соқолли 10 киши ушланиб, 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилингани» ҳақида ёзди.

Бошқа бир Фейсбук фойдаланувчисининг ёзишича, 13 сентябрь куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек ва Олмазор туманида 4 кишининг соқоли мажбуран қириб ташланган. Қаршилик кўрсатган 1 киши 15 суткага қамоққа олинган.

“Бугун, Аср ва Шом оралиғида Зангиота, Янги-Йўл туманларида рўмол ўраган фуқаролар уйларига қора маскалилар бостириб кириб тинтув ўтказишди. Дини ва эътиқодини яшириб яшайдиган пайтлар келди”.

11-12 сентябрь кунлари Тошкент шаҳар прокуратураси қошидаги иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси ва Давлат санитария эпидемиология станцияси ходимлари томонидан ўтказилган қўшма рейдлар давомида пойтахтдаги 10 дан ортиқ йирик кафе ва ошхоналар ёпилди.

Улар орасида Ал-фажр, Lagmon House, Тарновбоши, Бурса, Ниҳол ва Жўжа сингари йирик емакхоналар бор. Уларнинг барчаси гўё санитария қоидаларига амал қилмасликда айбланган ва уларнинг эшиги СЭС томонидан муҳрланган.

Шунингдек, Озодлик манбаларининг билдиришича, Тошкент шаҳрининг Навоий кўчасидаги диний адабиётлар, атторлик ашёлари ва диний либослар сотувчи бир қанча дўконлар назоратга олинган.

Дўконларнинг номларидан исломий ибораларни олиб ташлаш, дўкон пешлавҳаларидан араб имлосидаги таблоларни олиб қўйиш тавсия қилинмоқда.

Бироқ мазкур емакхоналарнинг ёпилиши мамлакатда бошланган диний таъқиблар билан боғлиқ бўлиб, емакхоналарнинг барчасида ҳижоб кийган, соқол қўйган шахслар фаолият олиб боришган. Бундан ташқари мазкур емакхоналар қошида намозхоналар ҳам бўлган.

Озодлик сўзлашган кафелар эгалари уларнинг барча ишчи-ходимлари Шайхонтоҳур ва Олмазор тумани ИИБларнинг терроризм бўлимига олиб борилганини, эркаклар соқолини олдиришга, аёллар эса ҳижобларини ечишга мажбурланганини айтишди.

“Емакхоналар номаълум муддатларга ёпилди. Соқолларини олишга қаршилик қилган ишчиларимизнинг айримлари жаримага тортилди, айримларини 3 суткага ёпишди. Жойнамозларни йиғиштириб кетишди. Биз намозхоналарни ёпиб, кафеларимиздан ҲАЛОЛ тамғасини олиб ташлашимиз, кафеларимизнинг номларини ўзгартирганимиздан сўнг уларни очиб беришни ўйлаб кўришармиш”, деди емакхона эгаларидан бир.

Президент Шавкат Мирзиёев тўрт йил аввал Ўзбекистонда аёлларнинг рўмол ўрашига ҳеч ким қарши бўлмаслигини айтган эди.

Президентнинг бу гапи Фарғонада вилоят ҳокими мажлисда рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса, рўмолни ўша туман ҳокимининг оғзига тиқиб қўйиш билан таҳдид қилгани ҳақидаги аудиоёзув тармоқда тарқалганидан саноқли кун ўтиб айтилди.

Фарғона вилоят ҳокими вилоятга келган меҳмонларнинг ҳам соқолини олишни талаб қилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ