АҚШ президенти ўғлига қуролни қонунга зид тарзда сотиб олиш ва эгалик қилиш айблови қўйилди

Махсус прокурор Дэвид Вайс АҚШ президентининг ўғли Хантер Байденга нисбатан ўқотар қуролни қонунга зид тарзда сотиб олишда айблов қўйди. Бу ҳақида CNN телеканали маълум қилди.

Хусусан, Хантер Байден 2018 йил октябрида қурол сотиб олаётганда гиёҳванд моддалар истеъмоли ҳақида ёлғон гапиришда айбланган. Махсус прокурор таъкидлашича, у ўша пайтда кокаин қарамлигига қарши даволанаётган эди.

Махсус прокурор Вайс, шунингдек, АҚШ президенти ўғлини наркотиклар истеъмол қилаётган даврида ҳам ўқотар қуролга эгалик қилганликда айбламоқда. Хантернинг бу қилмишларининг иккиси ҳам АҚШда жиноят ҳисобланади.

Хантер Байден қўйилган айбловлар бўйича айбдор деб топилса, у 25 йилгача қамоқ жазоси ва 750 минг доллар жаримага тортилиши мумкин, дея аниқлик киритади The New York Times.

Прокурорнинг баёноти Делавер штатидаги федерал судья Хантер Байден ва прокурорлар ўртасида судгача бўлган келишувни маъқуллашдан бош тортганидан бир неча ҳафта ўтиб берилди. Судгача бўлган келишув тузилганида президентнинг ўғли тўппончани қонун талабларига зид тарзда сотиб олгани учун жиноий жавобгарликка тортилмаслиги мумкин эди.

Cудья томонлардан ушбу келишув Байденни кейинчалик жиноий жавобгарликка тортишга тўсқинлик қилишини аниқлаштириб беришни сўраган. Бу борада махсус прокурор ва Хантер Байденнинг фикрлари бир жойдан чиқмаган.

Хантер Байденнинг адвокатлари маълум қилишича, айбловлар қўйилса, судга махсус прокурор қарорини кўриб чиқиши даъвоси киритилади. Уларнинг фикрича, Хантер Байден билан тузилган судгача келишув ҳамон кучдадир.

Ўғлининг судга тортилиши Жо Байденнинг президентлик кампаниясида сиёсий муаммоларга олиб келиши мумкин. Республикачилар Хантер Байденнинг хорижий бизнес келишувлари ва прокурорларнинг унга қарши тергови бўйича ўз мустақил суриштирувини ўтказмоқда. Республикачиларнинг фикрича, президент ўғлининг фаолиятига доир тергов астойдил ўтказилмаган бўлиши мумкин.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ