Марокашдаги зилзила қурбонлари сони камида 2800 кишига етди

Марокашда сўнгги юз йил ичида юз берган энг кучли зилзила оқибатида 2862 киши ўлди ва 2562 киши жароҳатланди, деб хабар берди 12 сентябрь куни Reuters агентлиги.

БМТ Болалар жамғармасининг билдиришича, зилзила оқибатида юз мингга яқин бола жабрланди. Жамғарма ҳалок бўлган болалар сони тўғрисида аниқ маълумот йўқлигини маълум қилди.

Reuters агентлигининг ёзишича, 8 сентябрь куни Юқори Атлас тоғ тизмаси ҳудудида юз берган зилзила кучи 7,2 баллни ташкил этган. Аввалроқ АҚШ Геология хизматининг дастлабки маълумотларига асосланган ҳолда зилзила 6,8 баллни ташкил этгани хабар қилинганди.

Мамлакатда уч кунлик миллий мотам эълон қилинган. Марокаш ҳукумати Испания, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Британия ёрдамини қабул қилди. Бу давлатлар қутқарувчилар ва гуманитар ёрдам жўнатди. Шунингдек, Франция, АҚШ ва Исроил ҳам ёрдам таклиф қилмоқда.

Қатор давлат раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Марокаш подшоҳи Муҳаммад VIга ҳамдардлик билдирган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ