Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров фуқароларни куз-қиш мавсумида электр энергиясидан тежаб фойдаланишга чақирди. У ўз мурожаатини 9-сентабр куни Фейcбукдаги саҳифасида эълон қилди.
“Ҳақиқатан ҳам бу йил қишда электр қуввати тақчил бўлади. Чунки сув ўтган йилгидан кам. Сув камишда давом этмоқда. Худо хоҳласа, қатор ГЭСларимиз қуриб битказилиши билан электр энергияси муаммоси ҳал бўлади. 30 йил сабр қилдик, яна 3 йил сабр қилайлик. Электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланайлик. Агар керак бўлса, қиш кунида кўча чироқларини ўчирайлик. Буларнинг барчасига бугунги ҳукумат айбдор эмас. Собиқ ҳокимият йилига камида битта ГЭС қурса, 30 йилда 30 та ГЭС қурилар эди. Агар ГЭС қуриш, йўл қурилиши, мактаб қурилиши каби муаммо бўлганида эди, ҳозир мактаб, йўл қураётгандек, бир йилда ҳал қилиб қўярдик. Маълум бўлишича, гидроэлектр стацияларни қуриш вақт, ғамхўрлик, мураккаб лойиҳаларни талаб қилади. Бошқа давлатлардан, масалан, Россия, Туркманистондан қўшниларимиз орқали олиб келяпмиз. Бироқ қиш фаслида Қозоғистон ва Ўзбекистон электр узатиш линиялари электр энергиясини транзит орқали бизга ўтказишга чидай олмайди. Ўзларидан ошмайди. Шундай экан, азиз юртдошлар, бизни, ҳозирги ҳукуматни тушуниб, электр энергиясини тежашга ҳозирдан киришасизлар, деган умиддаман”, деб ёзади Ақилбек Жапаров.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, 2023 йилдан 2026 йил охиригача қуввати 4 ГВт 700 МВт дан ортиқ бўлган жами 48 та ГЭС ва 5 ГВт 700 МВт қувватга эга 15 та шамол электр станцияси қурилади. Бундан ташқари, Тўқтўғул, Уч-Қўрғон ГЭСлари реконструкция қилиниб, 276 МВт қувватга қўшимча қувват қўшилади. Қамбар-Ота-1 ва Қамбар-Ота-2 қурилгач, 2000 МВт дан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Ақилбек Жапаровнинг қайд этишича, амалдаги президент Садир Жапаров қишда қўшни давлатлардан электр энергияси сотиб олиш бўйича аввалги президентларнинг тажрибасини Қирғизистон фойдасига ўзгартирган. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистонга ёзда суғориш учун оқизилган сувдан электр энергияси ишлаб чиқарилиб, у қишда қарзга олинган ёруғликка алмаштирилмоқда.
Жорий йилда Тўқтўғул ГЭСида тўпланган сув миқдори 11 миллиард 400 миллион куб метрдан бироз ошади. 2022-йилнинг шу куни бу кўрсаткич роппа-роса 2 миллиард куб метрга кўп бўлган.
Сув етишмаслиги сабабли Президент Садир Жапаров 1 августдан энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий қилди. Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг куз-қиш мавсуми учун Туркманистон ва Россиядан 3 миллиард кВт дан ортиқ электр энергияси импорт қилишни режалаштирмоқда.
Ҳукумат бутун мамлакат бўйлаб қишда электр печкалардан фойдаланишни тақиқлади. Ҳар бир абонентга ёруғлик 5 КВт/соат чегараси билан берилади.