Қирғизистон тарихида илк бор ўзбек қаламкашига “халқ ёзувчиси” унвони берилди

Президент Садир Жапаров Мустақиллик куни – 31 август арафасида Абдуғани Абдуғафуровни “Қирғизистон халқ ёзувчиси” унвони билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Қирғизистон тарихида илк марта ўзбек қаламкашига “халқ ёзувчиси” унвони берилди.

Жорий йилда 82 ёшни қаршилаётган Абдуғани Абдуғафуров ҳажвчи, драматург ва журналист сифатида танилган. 1941 йилнинг 17 декабрида Ўш шаҳрида туғилган Абдуғафуров ижодий фаолиятини 1965 йилдан бошлаган.

Унинг қатор китоблари қирғиз ва ўзбек тилларида нашр қилинган. Абдуғафуровнинг йигирмага яқин драматик асарлари Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия театрларида саҳналаштирилган. Қатор интермедиялари Ўзбекистон телеканалининг “Телевизион минатюралар театри” томонидан намойиш этилган.

Абдуғафуров 1980 йилда “Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби” бўлган. Кейинги йилларда “Манас”, » Данакер» орденлари ва “Данқ” медали билан мукофотланган. У Совет Иттифоқи даврида қатор давлат органларида масъул лавозимларда ишлаган.

Абдуғафуров ўз драмалари ва ҳажвияларини асосан Совет даврида ёзган. Сўнгги йилларда унинг драмалари театрларда саҳналаштирилган эмас. Танқидчилар фикрича, унинг Совет даврида ёзилган асарлари бугунги кунда ўз долзарблигини ва аҳамиятини йўқотган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ