Ўзбекистонликларни Америкага киритувчи гуруҳ ушланди, улар орасида террор гуруҳи аъзоси ҳам бор

Вашингтон, Оқ уй маъмуриятининг таъкидлашича, расмийлар Ўзбекистондан АҚШга одам олиб келиш билан шуғулланган тармоқни фош қилиб, фаолиятига чек қўйган. Хабарда айтилишича, контрабандистлардан бири халқаро террористик гуруҳ аъзоси бўлган.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Адриен Ватсон ушбу тармоқ хизматидан фойдаланган Ўзбекистон фуқаролари террористларга алоқаси борлиги ва Америкада террористик ҳужум режалаштирганига оид далиллар йўқлигини айтди.

Расмий хабарда террористик гуруҳ номи келтирилмаган, бироқ Associated Press хабар агентлигига гапирган АҚШ расмийси ИШИД номини тилга олган. Расмий шахс суриштирув ҳақида гапиришга ваколатли бўлмаганлиги боис аноним тарзда гапирган.

АҚШ Миллий хавфсизлик хазматининг таъкидлашича, расмийлар контрабанда тармоғининг асосий аъзолари ва халқаро террор гуруҳига алоқадор шахсни ушлаш учун хориж давлатлари билан ҳамкорлик қилган.

Баёнотда террористик гуруҳга алоқадорлиги айтилаётган шахс ва уларни ушлашда ҳамкорлик қилинган давлатлар ҳақида маълумот берилмаган.

Суриштирув олиб бораётган ФҚБ (Федерал қидирув бюроси) ҳам мигрантлар билан боғлиқ бирорта террор таҳдиди аниқланмаганини таъкидлаган.

«Жиноятчилар, хусусан, инсон савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг терроризмга алоқадорлиги ҳақида шубҳалар пайдо бўлиши билан суриштирамиз. Америка халқига бўладиган ҳар қандай хавфнинг олдини олиш учун халқаро террорист ташкилотлар ўз имкониятларидан қандай фойдаланишга ҳаракат қилиши мумкинлигини ҳамкорларимиз билан яқиндан ўрганамиз», дейилади ФҚБ баёнотида.

АҚШ контрабандистлар фойдаланадиган Америкага келиш йўлларини ёпиш ва мамлакатга кириб келаётган шахсларни аниқлаш учун хорижлик ҳамкорлари билан ишлайди, дейди Миллий хавфсизлик кенгаши.

«Хабар чиққандан бошлаб, чегарада ушбу тармоқ хизматидан фойдаланган шахсларга алоқадор деб кўрилган кишилар мамлакатдан қисқа вақтда чиқариб юборилади. Тартибга кўра, чиқариб юборилишни кутаётганда вақтда, ушланиб, миллий хавфсизлик ва жамоатчилик хавфсизлиги тизими орқали обдон текширилади», дейилади баёнотда.

Контрабандистлар тармоғи ҳақида илк бўлиб хабар берган CNNнинг айтишича, ушбу тармоқдан фойдаланган ўнлаб Марказий осиёлик одамларнинг АҚШга киришига рухсат берилган.

Байден маъмурияти масъуллари дунё бўйлаб одамларни АҚШга боришга илҳомлантирадиган ва жанубий чегаралар оша кириб келишда бош-қош бўладиган контрабандистлар тармоғининг роли ҳақида олдин ҳам гапирган. Расмийлар уларни шафқатсиз ва янги ҳаёт илинжида руҳан чўккан мигрантлардан мураккаб амалиётларда фойдаланишдан тап тортмайди,деб таърифлаган.

Ўнлаб йиллар олдин Америкага иш излаб, чегарани ноқонуний кесиб ўтишга ҳаракат қиладиганлар асосан мексикалик эркаклар бўлишган. Бироқ сўнгги йилларда иммиграция хизмати ходимлари жанубий ярим шар ва бутун дунёдан келаётган мигрантларга дуч келмоқда.

Америкага интилаётганлар орасида ўзбекистонликлардан ташқари Афғонистон, Хитой, Мавритания ва бошқа давлат фуқаролари ҳам бор деб ёзади Британиянинг Independent нашри.

BBC.COM/UZBEK

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ