Қирғизистон ҳукумати Иссиқкўл қирғоғида яна 15 та панционатни ижарага бермоқчи

Инвесторлар Иссиқкўл соҳилидаги 15 та панционатни 49 йилга ижарага олишлари мумкин. Бу ҳақда президент Садир Жапаров Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.

У эски панционатларнинг фотосуратлари ва видеоларини эълон қилиб, айни пайтда давлат ва давлат органлари балансида қаровсиз 15 та объект борлигини таъкидлади.

“Биз бу панционатларни 49 йилга ижарага берамиз. Маҳаллий бойларни, чет эллик инвесторларни ушбу объектларни олиб, 3,4,5 юлдузли меҳмонхоналар қуришга ва ишлашга таклиф қиламан. Сармояларингизни қисқа вақт ичида чиқара оласиз, деб айта олмайман, лекин ишонаманки, 49 йил ичида харажатларингизни 3-4 баравар оқлайсиз”, — деб ёзди президент.

Ҳукумат нега эски панционатларни бюджет ҳисобидан таъмирлай олмаслигини ҳам тушунтирди. Жапаровнинг сўзларига кўра, давлатда пул бор, лекин уни узоқ муддатда даромад келтирадиган бизнесга сармоя қилишдан маъно йўқ.

Аввалроқ Иссиқкўл қирғоғидаги тўртта панционат Ўзбекистонга 49 йилга ижарага берилгани маълум бўлган эди. Гап “Дилором”, “Олтин қум”, “Роҳат”, “Бустон” панционатлари ҳақида кетмоқда. Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳар бир панционатга тахминан 15-20 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда.

Бу баёнот баъзи қирғизистонликларнинг норозилигига сабаб бўлди, шундан сўнг Садир Жапаров “Кабар” давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида шу йилнинг май ойида суд Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги келишмовчиликка нуқта қўйганини айтди.

Қирғизистон 2016 йилда ушбу 4 панционатни миллийлаштирганидан сўнг Ўзбекистон халқаро арбитражга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суд қарорига кўра, Қирғизистон томони Ўзбекистонга 40 миллион доллардан ортиқ тўлаши керак. Жапаровнинг қайд этишича, мазкур қарорни амалга оширишнинг иложи бўлмагани учун Ўзбекистон томони билан панционатларни ижарага бериш бўйича келишувга эришилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ