Алишер Усмонов “Dilbar” яхтасида тинтув ўтказилгани учун Германия судига мурожаат қилди

Халқаро санкциялар остида қолган россиялик тадбиркор Алишер Усмонов Германия Федерал Конституциявий судига ўзининг “Дилбар” яхтасида ўтказилган тинтувлар юзасидан даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Die Welt хабар берди.

Қайд қилинишича, Усмонов бу тинтувларни инсон қадр-қимматига тажовуз ва уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини бузиш деб ҳисобламоқда.

Бундан ташқари, тадбиркор даъвосида ўзига қарши санкциялар қўллаш учун «асослар йўқлиги»ни, шунингдек, санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг, ўз активлари ҳақида хабар бериши лозимлиги ҳақидаги қонуннинг «конституцияга зид» эканини кўрсатган. Усмоновнинг фикрига кўра, қонундаги ушбу банд «ўзига ўзи гувоҳлик бермаслик» тўғрисидаги ҳуқуқни поймол этади.

Ўтган йилнинг сентябрида Федерал жиноят ишлари бошқармаси ва солиқ хизмати Усмоновнинг Тегернзее кўли атрофидаги вилласи, Франкфурт-Майндаги квартираси ва Бремен портидаги “Дилбар” яхтасида тинтувлар ўтказган эди. Тинтувлар пайтида ҳужжатлар ва қимматбаҳо санъат асарлари мусодара қилинган.

Тергов давомида полиция Усмоновга нисбатан турли банклардан пул ювиш гумони қайд этилган 90 та билдирув олган. Терговчилар Усмоновнинг банк ҳисобларида шубҳали транзакциялар бўлганини аниқлаган.

Бироқ суд тинтувлар қонунга зид бўлган деган хулосага келди. Судьяларнинг билдиришича, терговчилар Усмонов нега пул ювишда гумонланаётганини етарли даражада асослаб бера олмаган.

Forbes журналининг билдиришича, Алишер Усмонов Россиядаги энг бой одамлар рўйхатининг 8-поғонасини эгаллайди. Bloomberg маълумотига қараганда, унинг бойлиги 19 миллиард долларни ташкил қилади. “Проект” лойиҳаси ўтказган журналистик суриштирувда Алишер Усмонов Россия армиясини таъминлашда ошкора иштирок этиб келаётган 81 олигархдан бири сифатида тилга олинган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан “Путинга яқин бўлган шахслар” қаторида Алишер Усмоновга нисбатан ҳам ғарб санкциялари жорий этилган. Сўнгги марта 2023 йилнинг апрель ойида АҚШ Молия вазирлиги ва Британия ҳукумати Алишер Усмоновнинг USM холдингига, жумладан, холдинг таркибига кирувчи “Охангаронцемент”га санкциялар жорий этгани тўғрисида маълум қилинган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ