Сенатор Боб Менендез Қирғизистонни Россияга санкциялардан қочишга ёрдам беришни тўхтатишга чақирди

Халқаро алоқалар қўмитасига раислик қилаётган америкалик сенатор Боб Менендез Қирғизистон президенти Садир Жапаровга мурожаат қилиб, Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб Москвага қарши жорий этган санкциялардан қочишга ёрдам беришни тўхтатишни сўради.

Бу ҳақда “Америка Овози” хабар бермоқда.

Қайд этилишича, сенатор Қирғизистон раҳбарига йўллаган мактубида Украинада уруш бошланганидан кейин Қирғизистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги импорт-экспорт операциялари сезиларли даражада ошгани қайд этилган. Унинг таъкидлашича, Қирғизистон ҳукумати бундай савдони тартибга солмайди, “Россия билан самарали шерик бўлиб, у мудофаа буюмларини, жумладан, учувчисиз самолётлар, самолётлар қисмлари, қурол қисмлари ва микросхемаларни ноқонуний олиб кирмоқда”.

Боб Менендез Қирғизистонни санкциялардан бўйин товлагани ҳақидаги иддаоларни текширишга ва мамлакат бўйлаб ноқонуний товарлар оқимининг олдини олишга чақирди. Шунингдек, у Қирғизистон Республикасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши масаласини кўтариб, амалдаги ҳукумат “журналистлар ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқларини бир неча бор поймол қилгани, ҳуқуқ фаолларини таъқиб қилгани ва фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан чекловлар қўйганини” таъкидлади.

“Марказий Осиёда демократиянинг ўзига хос белгиси бўлган Қирғизистон Республикаси автократия томон хавфли йўлдан бормоқда. Мустақил оммавий ахборот воситалари ва журналистларга қўйилган барча чекловларни олиб ташлашни, қамоқдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини озод қилишни, уюшмалар эркинлиги каби асосий эркинликларни чекловчи чораларни бекор қилишни сўрайман”, — дея хулоса қилди америкалик сенатор.

Эслатиб ўтамиз, май ойида АҚШ Савдо вазирлиги “Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлагани” учун санкция қўйилган компаниялар рўйхатини эълон қилган эди. Унга Россия Федерацияси ташкилотларидан ташқари Қирғизистоннинг Tro.Ya компанияси ҳам киритилди.

20 июль куни эса АҚШ молия вазирлиги 120 дан ортиқ компанияга, жумладан Қирғизистон Республикасида рўйхатдан ўтган тўртта компанияга қарши санкция қўйганини эълон қилди. Департаментнинг таъкидлашича, “қора рўйхат”даги компаниялар томонидан етказиб берилган айрим маҳсулотлар Украинага қарши урушда қўлланилган ҳарбий техникада топилган.

Шундан сўнг Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тегишли текширув бошланганини маълум қилди.

Июль ойи охирида Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги экспорт назорати остидаги маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш ва уларга қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ҳарбий хизматларни киритишни таклиф қилди. Бундан олдин Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов интервьюсида Қирғизистон учун санкциялар таҳдиди ҳақиқийлигича қолаётганини ва шу сабабли мамлакат расмийлари АҚШ ва Европа ҳукумат раҳбарлари билан алоқада эканини айтди.

Аввалроқ Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази АҚШ Қирғизистон Республикаси компанияларига қарши санкциялар жорий этишидан бироз аввал Бишкек ташқи савдо статистикасини нашр этишни тўхтатгани ва санкцияланган маҳсулотлар айланмаси ҳақидаги маълумотларни ёпиб қўйгани ҳақида тергов тақдим этган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ