Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари собиқ табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Динара Кутмановани қўлга олиб, тергов изоляторига жойлаштирди. Бу ҳақда 25 июль куни бошқарма матбуот хизмати хабар берди.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида таъкидланганидек, собиқ амалдор “Табиий ресурслар вазирлигидаги коррупция фактларининг асосий ғоявий руҳлантирувчиси ва асосий ташкилотчиси” ҳисобланади. Тергов органлари томонидан қўлга олинган шахс давлат бюджетидан ноқонуний равишда пул олиб чиқиш билан шуғуллангани аниқланган.
“Динара Кутманова вазир лавозимида ўзига берилган барча ваколатларга эга бўлган ҳолда, олий ҳокимият томонидан билдирилган ишончга қарамай, шахсий амбициялари ва ғаразли манфаатларини кўзлаб, ажратилган давлат пулларини ноқонуний олиб чиқиб кетиш бўйича кенг кўламли коррупция тармоғини ташкил қилган”, — дейилади хабарда.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, собиқ вазир нафақат қўл остидаги ходимлар, балки қариндошлари (ўғли ва синглиси), яқин атрофидагиларни ҳам (уй бекаси, ўғлининг дугонаси ва бошқалар) табиатни муҳофаза қилиш ва экология соҳасидаги уйдирма лойиҳаларни молиялаштириш учун жалб қилган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2021 йилдан Қирғизистонда табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар йили 325 миллион сом (3,7 миллион доллар) ажратилишини эслатди. Уч йил давомида жами молиялаштириш ҳажми 969,5 миллион сомни ташкил этди. Уларнинг 789,5 миллиони Табиатни ривожлантириш жамғармаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларга табиатни муҳофаза қилиш ва асраш бўйича 110 та лойиҳа доирасида берилган.
Текширув давомида жамғарма фаолиятида ажратилган маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, мазкур жамғарма, Табиат вазирлиги ва “Хўжаев” ХТ (Кутманованинг ўғлига яқин шахс) ўртасида олдиндан келишилган ҳолда, тендер ўтказмасдан, жами 34 миллион сомлик 1000 дона махсус кийим-кечак етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузилгани аниқланди.
Қирғизистон Савдо-саноат палатаси экспертиза хулосасига кўра, мамлакат бозорларида комбинезонлар нархи 11 миллион сомдан ошмайди, 23 миллион сом миқдоридаги фарқ Динара Кутманованинг оиласи томонидан ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, Кутманова комиссия аъзоларига “комиссия йиғилишини уларнинг иштирокисиз расман ўтказиш мақсадида молиялаштириш лойиҳаларини танлаш”га босим ўтказгани аниқланди.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг аниқлик киритишича, ҳозирда Кутманова иши бўйича 9 киши, жумладан, собиқ вазирнинг икки собиқ ўринбосари ҳам айбланувчи сифатида жалб этилган. Собиқ амалдорнинг ўғли халқаро қидирувда бўлиб, уни Туркиядан депортация қилиш чоралари кўрилмоқда.