Қирғизистон-Тожикистон чегарасида икки давлат фуқаролари муштлашди

Қирғизистон – Тожикистон чегарасида 24 июль куни кечга яқин икки давлат фуқаролари ўртасида муштлашув бўлгани тўғрисида Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси қошидаги Чегара хизмати маълум қилди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг ёзишича: “Оқсой – Кўктош йўлида кетаётган Боткен вилоятининг Оқсой қишлоғи турғунларинининг йўлини Тожикистонга қарашли Ворух анклавидаги Хўжа Аъло қишлоғига кетаётган 8 та автомашинадаги тожик фуқаролари кесиб қўйган ва натижада Дача деб аталувчи ҳудудда муштлашув содир этилган”.

Низо кучайиб кетишининг олдини олиш мақсадида воқеа жойига Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг мазкур худуддаги ходими етиб борган.

“Лекин уни Хўжа Аъло қишлоғи аҳолиси калтаклаган. Милиционер улардан қочишга муваффақ бўлган”,-дейилади хабарда.

Қирғизистон Чегара хизмати 24 июль куни маҳаллий вақт билан соат 23:30 ларда жанжал юз берган ҳудудда вазият барқарорлашганини, “ҳар икки томондан низога алоқадор шахслар аниқланиб, суриштирув ишлари бошлангани”ни маълум қилди.

Расман билдирилишича, воқеа жойига Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Исфара тумани ҳокимлари, куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари етиб келган. Музокаралар ўтказилиб, “хавфсизликни ҳамкорликда сақлашга келишилган”.

Тожикистон томони ҳозирча бўлиб ўтган воқеага муносабат билдирмади.

Қирғизистон ва Тожикистон чегараси минтақадаги энг нотинч ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда қонли тўқнашувлар тез-тез содир бўлади. 2022 йилнинг 14 сентябрида икки давлат ҳарбийлари ўртасида содир этилган тўқнашувда қирғиз ва тожик тарафидан жами 100га яқин одам ўлган. 2021 йилнинг апрелида ҳам Ворухда шундай низо бўлган, икки тарафдан жами 55 киши ўлганди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ