Қирғизистон ҳарбий прокуратураси Баткендаги аскарнинг ўлими юзасидан тергов олиб бормоқда

Баткендаги 35524-ҳарбий қисмда шартнома асосида хизмат қилган ҳарбий хизматчининг ўлими юзасидан тергов бошланди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг қирғиз хизматига Бош прокуратура хабар берди.

Прокуратурага кўра, ҳодиса Баткен гарнизони ҳарбий прокуратурасининг электрон журналида қайд этилган ва терговга қадар текширув бошланган.

Аввалроқ Мудофаа вазири аскар қуролга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлгани учун тасодифан ўзини отиб ўлдирганини маълум қилганди.

“Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда, ушбу факт бўйича хизмат суриштируви бошланди”, — дейилади хабарда.

Бош прокурор Қурманқул Зулушев Қирғизистон қуролли кучларида 2022 йилда ҳалок бўлган тўрт нафар ҳарбий хизматчининг иши ўз жонига қасд қилиш сифатида қайд этилганини айтди.

“Қилим шами” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, 2012-2016 йиллар давомида турли шароитларда ҳалок бўлган ҳарбийлар сони олтмиш кишидан ошган.

Бу ҳолатларнинг деярли барчасида аскарларнинг яқинлари уларнинг ўз жонига қасд қилганига ишонмай, ўз далил ва исботларини келтиришган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ