Садир Жапаровнинг жияни коррупцияда айбланиб қўлга олинди

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг жияни Улан Жапаров коррупцияда айбланиб қўлга олинди. 32 ёшдаги Улан Жапаров президент отасининг яқин қариндоши Рақимжон Жапаровнинг тўнғич ўғлидир. Бу маълумотни 6 июль куни президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев тасдиқлади.

“Қўлга олинган Улан Жапаров божхонадаги коррупциявий схемаларга алоқадорликда гумонланмоқда. Президент Жапаров бу маълумотни олганидан сўнг гумонланаётганларнинг барчасини қонуний жавобгарликка тортиш тўғрисида шахсан кўрсатма берди. Жиноят содир этган ҳар қандай одам, у президент оиласига мансуб бўлса ҳам қонун олдида жавоб бериши шарт. Коррупцияда айбланганларнинг барчаси келтирилган зарарни тўлаб беради. Бу президентнинг талаби”,-деди Султанбаев.

Президент маъмуриятининг ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Орунбековга кўра, Улан Жапаров 3 июль куни Ички ишлар вазирлиги томонидан қўлга олинган. Шу куни Бишкекнинг Биринчи Май туман суди Улан Жапаровга 26 июлгача қамоқда сақлаш эҳтиёт чорасини қўллаган.

Улан Жапаровнинг яқинлари ва адвокатлари бу борада ҳозирча муносабат билдирмади.

Садир Жапаров Қирғизистоннинг олтинчи президентидир. У 2020 йил октябридаги норозилик намойишлари оқибатида истеъфо берган Сўўрўнбай Жээнбековнинг ўрнига президентликка сайланган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ