Сохта диплом. Фарходбек Алимжонов ва Фарҳат Исмоилов мандатдан маҳрум этилди

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси Жўғўрқу Кенешнинг икки депутати – Фархат Исмоилов (“Ата Журт Қирғизистон” фракцияси) ва Фарходбек Алимжонов (“Алянс” фракцияси)нинг олий маълумот тўғрисидаги дипломларининг ҳақиқийлиги масаласини кўриб чиққан.

Таълим ва фан вазирлиги комиссияси вакилларининг қайд этишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан олинган маълумотни текшириш жараёнида Фарходбек Алимжоновга олий маълумот тўғрисидаги диплом норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўпол равишда бузган ҳолда берилгани аниқланган. У 2012 ва 2015 йилларда имтиҳонларни қайта топшира олмаган, чунки у мамлакатдан ташқарида бўлгани  Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотлари билан тасдиқланган.

Таълим вазирлиги имтиҳонлар натижаларини бекор қилишни, Фарходбек Алимжоновнинг Ўш давлат университети дипломини, шунингдек, Қирғизистон президенти ҳузуридаги Бошқарув академиясида олган магистрлик даражасини олиб қўйишни таклиф қилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси Фарходбек Алимжоновни “Алянс” партияси рўйхатида Жўғўрқу Кенеш депутати сифатида рўйхатга олишни бекор қилган.

МСК Фарҳат Исмоиловга нисбатан ҳам худди шундай қарор қабул қилган. Маълум бўлишича, Таълим ва фан вазирлиги комиссиясига кўра, у ўзи кўрсатган йилларда Қирғизистон Миллий Университети талабалари рўйхатида бўлмаган. Унинг бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича дипломи, кейинчалик ҳуқуқшунослик магистри даражаси ҳам ҳақиқий эмас.

Эслатиб ўтамиз, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг материаллари Марказий сайлов комиссиясига 2022 йилнинг 8 апрел куни келиб тушган. Кейин улар Халқ таълими вазирлигига сўров юборган. Қирғизистон Миллий Университети ректоратининг Фархат Исмоиловнинг диплом олмагани ҳақидаги баёноти муҳокамани бошлаш учун етарли бўлмаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ