Мирзиёев Швецияда Қуръон ёқилишига муносабат билдирди

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити куни Швециядаги “муқаддас Қуръони каримни ёқиб юборишдек ёвуз ҳаракатларни кескин қоралаймиз”, дея билдирди.

Бу баёнотни Мирзиёев, ЎзЛиДеП матбуот хизмати маълумотига кўра, Тошкент шаҳри сайловчилари билан 5 июль куни бўлиб ўтган учрашув чоғида берган.

“Ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди”, деган Шавкат Мирзиёев.

Ўз сўзида Мирзиёев “радикализм ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишларига, турли миллат ва халқларнинг диний қадриятларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга мутлақо қарши” эканини урғулаган.

Жорий йилнинг 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокҳолмдаги асосий масжид ёнида Қуръон ёқиш акцияси ўтказилган эди. Тадбир Ироқдан Швецияга қочқин сифатида келган Салван Момика исмли 37 яшар киши томонидан уюштирилгани айтилган.

Мазкур акция мусулмон ўлкаларидаги кўплаб сиёсатчилар, хусусан, айрим талаблари билан Швециянинг НАТОга қўшилишига тўсқинлик қилиб келаётган Туркия расмийлари томонидан қаттиқ қораланган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ