Қирғизистон Конституциявий суди 3 июль куни болаларнинг ҳужжатларига ота исми ўрнига она исмидан (матронимдан) фойдаланишга рухсат берилгани юзасидан ўз қарорини изоҳлади. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.
Аввалроқ суд вояга етган (ёши 18 га етган ва ундан катта бўлган) шахслар ота ва она исми ўртасида танлаш ҳуқуқига эга бўлиши лозимлиги ҳақида қарор чиқарган эди. Суд изоҳига кўра, жамоатчилик фаоли Алтин Қапалованинг вояга етмаган болаларга онасининг исми берилишига оид илтимосномасини рад этган, чунки бу ҳолат она исмини олган боланинг тенгдошлари томонидан мазахланиб-таҳқирланишига (“буллинг”) сабаб бўлиши мумкин.
Бироқ, Конституциявий суд баёнотига мувофиқ, ҳаётда бошидан кечирган фожиалар дохил у ёки бу сабаб билан отасининг исмини қабул қилишни истамаган фуқаро балоғат ёшига етганидан кейин ота ва она исми ўртасида танлаш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.
Баёнотда суд қарори “жамиятнинг анъанавий ва тарихий асосларига ҳеч қанақасига путур етказмаслиги” урғуланган.
Алтин Қапалованинг ўзи Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали Конституциявий суд ва ўз адвокатларига миннатдорлик билдириб, суд қарорини ғалаба деб ҳисоблашини қайд этган. Айни пайтда у суд қарорининг вояга етмаган болаларга матроним беришга рухсат этилмаслиги билан боғлиқ қисмига қўшилмаслигини айтиб, бу борада “халқаро судларга мурожаат қилиши”ни қўшимча қилган.
Қапалованинг “Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида”ги қонун меъёрларида оналар билан оталар ўртасида нотенглик мавжудлиги баён этилган мурожаатномасини Қирғизистон Конституциявий суди жорий йилнинг февраль ойида кўриб чиқиш учун қабул қилган эди.