Қирғизистон парламенти келаси ҳафта “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқади

Қонунчилик, ҳуқуқ-тартибот, жиноятчиликка ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси 27 июнь куни “Нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқади.

Парламент сайтидаги маълумотларга кўра, қўмита йиғилишида қонун лойиҳаси ташаббускори ва муаллифи, депутат Нодира Норматова сўзга чиқади.

“Нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонун ва Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 19 май куни Жогорку Кенешда рўйхатга олинган. Қонун лойиҳасига кўра, “хорижий нодавлат нотижорат ташкилоти” тушунчаси киритилиб, давлатнинг назорат ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда.

Бир қатор халқаро ташкилотлар, элчихоналар, оммавий ахборот воситалари, бизнес ҳамжамиятлари ва фуқаролик жамияти таклиф этилаётган қонун Қирғизистондаги нотижорат ташкилотлар фаолиятини чеклайди, деган важ билан қонун лойиҳасини рад этишга чақирган мурожаат ва баёнотлар билан чиқди. Ҳафта бошида Қирғизистон жамоат ташкилотлари ва фуқаролик фаоллари нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун лойиҳаларини чақириб олиш талаби билан имзо тўплашни бошлади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари устидан назорат кучайтирилгани танқид қилинаётган “Хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ўтган йилнинг ноябрида Нодира Норматова томонидан ёзиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Ҳужжатга дастлаб яна 32 нафар депутат ташаббускор сифатида қўшилди. Аммо кейинроқ уларнинг баъзилари муаллифлик ҳуқуқидан воз кечиб, унда ҳаддан ташқари чекловлар ва инсон ҳуқуқларига зид қоидалар борлигини айтишди.

“Адилет” юридик клиникаси мазкур қонунни таҳлил қилиб, унинг 98 фоизи Россиянинг “Чет эл агентлари тўғрисида»ги қонунидан кўчирилганини аниқлади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ