Қирғизистон: МСК сайлов ўтказилмаган дея даъво қилганларни жазолашни таклиф қилди

Қирғизистон МСК 28 май куни бўлиб ўтган 26-сонли Ленинский бир мандатли сайлов округи бўйича Жогорку Кенеш депутати сайлови натижаларини ҳақиқий эмас, деб топди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ сайловда қатнашиб, энг кўп овоз тўплаган номзодлар Улан Сариев ва Дамира Ниёзалиевани рўйхатга олиш бекор қилинган эди.

9 июнь куни Бишкек маъмурий суди МСК қарорини, 16 июнь куни эса Олий суд қарорини ўз кучида қолдирган. Шундан сўнг МСК муддатидан олдин ўтказилган сайлов натижаларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Эндиликда МСК бир ой муддатда такрорий сайловларни тайинлаши ва икки ой ичида ўтказиши керак. Сайловнинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлган номзодлар пойгада қатнаша олмайди. Шу билан бирга, МСК йиғилишида сайлов натижалари ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлган ҳаракатлар учун жавобгарлик тўғрисида қонун ҳужжатларига таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

МСК, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари рўйхатга олишлари бекор қилинган икки номзодга нисбатан иккита жиноий иш бўйича терговни давом эттираётганини қўшимча қилди. Ниёзалиевага нисбатан иш Бишкек ички ишлар бош бошқармаси, Сариевга нисбатан эса Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан тергов қилинмоқда.

28 май куни Бишкекнинг Ленинский сайлов округи бўйича депутатликка муддатидан олдин сайловлар бўлиб ўтди. Овоз беришнинг дастлабки натижаларига кўра, Дамира Ниёзалиева (35,83%) ва Улан Сариев (11,88%) етакчилик қилган.

Бироқ, кейинчалик ижтимоий тармоқларда овозларни сотиб олиш эҳтимоли борлигига ишора қилувчи аудио ва видео пайдо бўлди. Бишкек ИИББ жиноий иш қўзғатди ва Ниёзалиеванинг штаб-квартирасининг икки ходимини қўлга олди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ