Қирғизистондаги ҳуқуқбонлик ташкилоти марҳум ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни оқлашга чақирди

“Бир дуйно Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Бишкекни БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси таклифларини бажарган ҳолда, жалолободлик марҳум ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни оқлаш ва унинг оиласига муносиб товон пули тўлаб беришга чақирган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.

“Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқбонлик ташкилотлари, давлат раҳбарлари ва жамоат арбобларининг Азимжон Асқаров ноқонуний судланаётганига оид кўплаб мурожаатларига қарамай, Қирғизистон ҳукумати уни қамоқдан озод қилган эмас ва бу билан БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси қарорларини эътиборсиз қолдирган”, дейилган ҳуқуқбонлик ташкилоти томонидан 14 июнь куни тарқатилган баёнотда.

Июнь воқеалари деб аталган ҳодисалар чоғида оммавий тартибсизликларни уюштириш ва одам ўлдиришда иштирок этганликда айбланиб, 2010 йил 15 июнида ҳибсга олинган Азимжон Асқаров умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ортидан 2020 йилнинг 25 июлида Бишкекдаги қамоқхонада вафот этган эди.

Азимжон Асқаров тириклик чоғида ўзига қўйилган айбловларни тан олган эмас. Ҳуқуқ фаолининг жасади ўзининг васиятига биноан 31 июль куни Тошкентда дафн этилган.

Азимжон Асқаров қамалгунига қадар Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган.

Жаҳондаги етакчи халқаро ташкилотлар (HRW, CPJ, Amnesty International ва б.) ҳамда қирғизистонлик ҳамкасблари Азимжон Асқаров қамалганидан бошлаб қирғиз расмийларини ҳуқуқ фаолининг ишини қайта кўриб чиқиб, уни озод қилишга чақириб келганлар.

Европа парламенти депутатлари, АҚШнинг қатор сенаторлари ҳам Қирғизистон ҳукуматини сиёсий мотивлар асосида қамалган маҳкумлар, жумладан, Азимжон Асқаровни қамоқдан озод этишга чақиришган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ