Иссиқкўлда Асман шаҳрининг қурилиши июнь ойи охирида бошланади

Иссиқкўлда қурилиши режалаштирилаётган Асман шаҳрининг тамал тоши 30 июнь куни қўйилади, деди Қирғизистон президенти Садир Жапаров.

Унинг сўзларига кўра, қурилиш лойиҳаси 1,5 йилдан буён тайёрлаб келинмоқда.

«30-июнь куни Худо хоҳласа, капсула ётқизамиз. 4 минг гектарли шаҳарда 500-700 минг киши яшайди. Қирғизистон шаҳар қурилиши учун бир тийин ҳам сарфламайди, бизда бундай пул йўқ. Қурилишни хорижлик инвесторлар амалга оширади”, — деди Жапаров.

Лойиҳага кўра, экошаҳар Иссиқкўл аэропорти яқинида кўлнинг шимолий қирғоғида (Қўшкўл ва Чирпиқти қишлоқлари яқинида) қурилади.

2021 йил июль ойи бошида президент маъмурияти Иссиқкўл вилоятидаги Тору-Айғир қишлоғи яқинида 500 минг аҳолига эга инновацион шаҳар қурилиши режалаштирилганини маълум қилган эди.

Расмийларга кўра, Асман Қирғизистоннинг иқтисодий ва сайёҳлик марказига айланади. Бўлажак шаҳарнинг лойиҳавий ечимларини ишлаб чиқиш бўйича идоралараро гуруҳ тузилиб, давлат дирекцияси ташкил этилди.

Бир қатор фуқаролик фаоллари бу лойиҳага қарши чиқдилар ва “Асман шаҳри қурилишига қарши” ҳаракатини туздилар. Уларнинг фикрича, Иссиқкўл ва унга туташ ҳудуд биосфера зонаси бўлгани учун шаҳар қурилиши экологик ҳалокатга олиб келиши мумкин. Шу муносабат билан улар мамлакат раҳбариятига ва Қирғизистон Республикаси Бош прокурорига Асман шаҳрини қуриш ғоясидан воз кечиш илтимоси билан мурожаат қилишган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ