Қирғизистон Ўзбекистон халқига гуманитар ёрдам юборди

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан жабрланган ўзбекистонликларга Қирғизистон 11 май куни инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

Қирғизистон Бош вазири Муҳаммедқалий Абилғазиев имзолаган буйруққа асосан, Ўзбекистонга 1 000 тонна цемент, 100 тонна гурунч ва 10 тонна ўсимлик ёғи юборилади.

Сардоба сув омбори ўпирилиши оқибатида Ўзбекистоннинг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 71 мингдан кўпроқ киши эвакуация қилинган эди. 10 май куни улар хонадонларига қайтганлари хабар қилинган. Юзлаб уйлар сув остида қолган.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан юзага келган табиий офат натижасида, дастлабки маълумотларга кўра, Қозоғистоннинг Мақтаарал туманида ҳам жами 845 та уй, 3 та мактаб, 5 та болалар боғчаси, 4 та тиббиёт муассасаси, 1 маданият уйи ва 10 та дўкон сув остида қолган. 7 639 гектар экин майдонини сув ювиб кетган. 30 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.

Апрель ойида Ўзбекистон ҳам коронавирус тарқалишига қарши кураш доирасида Қирғизистонга икки марта инсонпарварлик ёрдами жўнатган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ