Сингапур президенти Ҳалима Яқуб 23-25 май кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ҳалима Яқуб Ўзбекистонга ҳамкасби Шавкат Мирзиёев таклифига биноан келмоқда.
Президент жуфтлиги Остона шаҳридан (Қозоғистонда ҳам давлат ташрифи билан бўлди) Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY722 доимий рейси билан Airbus А320 самолётида учишди.
Сингапур президенти Ўзбекистонга ташрифи чоғида мезбон президент билан олий даражадаги музокаралар ўтказади.
“Саммит кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, икки мамлакат етакчи компания ва банк институтлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларига кўмаклашиш, маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш масалалари ўрин олган”, дейилган расмий хабарномада.
Уч кунлик ташриф чоғида президент Ҳалима Яқуб Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистондаги диний конфессиялар раҳбарлари билан ҳам учрашиши, ишбилармон доиралар бизнес-форумининг очилишида ва қўшма таълим маркази фаолиятининг тақдимотида иштирок этиши айтилган. Сингапур президентининг Самарқандга ҳам сафар қилиши кутилмоқда.