Қирғизистонда янги Омбудсман сайланди

Жогорку Кенешнинг 17 май куни бўлиб ўтган йиғилишида Омбудсман лавозимига номзодлар сайлови бўлиб ўтди, унда Жамила Жаманбаева энг кўп овоз олди. Жаманбаевани 48 депутат қўллаб-қувватлаган.

Овозга қўйишда иштирок этган яна бир номзод Бахит Рисбековни 20 депутат қўллаб-қувватлаган.

Бироқ, депутат Гуля Қўжўқулованинг таъкидлашича, Омбудсман тўғрисидаги қонунга кўра, номзод омбудсман лавозимига сайланиши учун 50 та овоз йиғиши керак. Жогорку Кенеш вице-спикери Нурбек Сидигалиев парламент кўпчилик овоз билан сайланишини кўрсатувчи регламентга амал қилишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Жамила Жаманбоева номзоди “Ата Журт Қирғизистон” фракцияси ва “Мекенчил” депутатлар гуруҳи томонидан илгари сурилган эди.

46 ёшли Жамиля Жаманбаева меҳнат фаолиятини 1998 йилда Бишкек туман прокуратурасида стажёр, прокурор ёрдамчиси, прокурор катта ёрдамчиси сифатида бошлаган. 2004 йилда у Бишкек шаҳар прокуратурасига ички ишлар органлари ва прокуратурада тергов ишларини назорат қилувчи бўлим прокурори лавозимида ишлаган. 2018-2021 йилларда Бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаган.

Аввалроқ “Альянс” фракцияси бу лавозимга Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Мирлан Жеенчороев номзодини илгари сурган эди, бироқ кейинроқ унинг ўзи номзодини қўйишдан бош тортди.

Жогорку Кенешнинг 3 май куни бўлиб ўтган йиғилишида бир гуруҳ депутатлар қаршилигига қарамай, собиқ Омбудсман Атир Абдраҳматова муддатидан аввал лавозимидан четлаштирилди. Қатор халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари парламент қарорини танқид қилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ