3 май куни Бишкек шаҳар суди Кампир-обод иши бўйича айбланувчилар – сиёсатчилар Азимбек Бекназаров ва Қубаничбек Қодировнинг шикоятини кўриб чиқди.
Суд адвокатларнинг шикоятини қаноатлантирмай, Бекназаров ва Қодировни 20 июнга қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида ҳибсда қолдирди.
Бир кун аввал шаҳар суди Кампир-обод иши бўйича бошқа айбланувчилар – Эрлан Бекчоро уулу, Равшан Жеенбеков, Рита Карасартова, Оқил Айтбоев ва Илгиз Шаменовга нисбатан биринчи инстанция қарорини ўз кучида қолдирди.
Ҳозирда ушбу жиноий иш бўйича 16 нафар шахс ҳибсда сақланмоқда. Улар орасида ягона аёл — фаол ва ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартова ҳам бор. Бунгача Кампир-обод иши бўйича айрим айбланувчилар, жумладан, аёллар уй қамоғига озод қилинган эди.
2022 йил октябрь ойида 20 дан ортиқ сиёсатчи ва фаоллар оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинганларнинг ўзлари жиноят ишини Кампир-обод сув омбори ерларини Ўзбекистонга бериш ва уни ҳимоя қилиш қўмитаси тузиш борасидаги позицияси учун сиёсий таъқиб, деб ҳисобламоқда.