Қирғизистонда электр энергияси 30 фоизга қимматлади

Қирғизистонда 1 майдан бошлаб электр энергиясига тарифлар 30 фоизга қимматлади. Президент Садир Жапаров бу борада “Кабар” агентлигига берган интервьюсида тарифларнинг оширилиши электр таъминоти тизимида қарзлар кўпайиб кетгани ва бу тизимни реконструкция ҳамда модернизация қилиш билан боғлиқ эканини айтди.

Қирғизистонда электр энергияси учун ижтимоий тўлов тизими қабул қилинган. Унга асосан аҳолининг кам таъминланган тоифалари, шароити қийин тоғли ҳудудларда яшовчилар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси учун тарифлар жорий этилган. Лекин аҳолининг асосий қисми бунга қадар 700 кВт-соатгача истеъмол қилинган электр учун 77 тийин ( тақрибан 0, 09 АҚШ доллари), 700 кВт-соатдан ортиқча ишлатилган электр учун 2 сом 16 тийин ( тақрибан 0,25 АҚШ доллари) миқдорида ҳақ тўлар эди.

1 майдан бошлаб 700 кВт-соатгача тўланадиган ҳақ 1 сом қилиб белгиланди. 700 киловатт-соатдан ортиқча ишлатилган электр учун аввалги тариф – 2 сом 16 тийин қолдирилди.

Ўзбекистонда ҳам 2022 йилнинг 1 июлидан электр ва табиий газга табақалаштирилган нарх белгиланиб, “ижтимоий норма” жорий қилиниши реажалаштирилган эди.

Режага асосан, аҳоли учун 1 кВт электр энергия тўлови 10,16 % қимматлаши, лимитдан (250 кВт соат) ошиқ электр учун икки баравар нарх белгиланиши назарда тутилган эди. Лекин бу режа ҳозирча амалга оширилмаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ