Бишкекдаги автоҳалокатда 20 бола жароҳатланди, тўрт боланинг аҳволи оғир

Бишкекдаги “Манас” аэропортига элтувчи йўлда 20 апрелда содир бўлган автоҳалокатда 20 нафар бола жароҳатланди. Болаларнинг энг каттаси 11 ёшда, энг кичиги 8 ёшда.Учинчи сонли болалар касалхонаси бош шифокори Акилбек Манановнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига айтишича, жароҳатланган болалардан 4 нафарининг аҳволи оғир. Улар касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, автоҳалокат тўғрисидаги маълумот “Тез ёрдам”га соат 11:15 да келиб тушган.

«19 бола «Тез ёрдам»да олиб келинди, бир бола ўзи келди. 14 бола касалхонанинг нейрохирургия бўлимига ётқизилди. Уларнинг аҳволи яхши. Бир бола травматология бўлимига ётқизилди. Тўрт нафари эса реанимация бўлимида. Уларнинг аҳволи барқарор оғир», – деди Мананов.

Маълум қилинишича, «Манас» аэропорти йўлида болаларни мактабга олиб кетаётган автобуснинг ортига Бишкекдан аэропортга қатновчи Go BUS шаттли (кичик автобус) келиб урилган.

Хабарларда жароҳатланган болалар Сўқулуқ туманидаги «Ат-Баши» ўрта мактабининг ўқувчилари экани, автобус уларни Лесной қишлоғидан Манас қишлоғидаги мактабга олиб кетаётгани билдирилди.

Бу воқеа юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Маориф вазирлиги ҳозирча муносабат билдирмади.

Расмий маълумотларда қайд этилишича, 2022 йилда 2021 йилга нисбатан автоҳалокатлар 5,3 фоизга, ҳалок бўлганлар 20,5 фоизга озайган. ИИВнинг билдиришича, йўл-транспорт ҳодисаларининг 80 фоизи ҳайдовчилар айби билан содир этилади. Айни пайтда Қирғизистонда 1 миллион 400 мингта автомобиль бор.

Расмий маълумотда 2022 йилда Қирғизистонда 7040 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй бергани, уларда 11 минг 49 киши жароҳатланиб, 690 киши ҳалок бўлгани қайд этилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ