Абдулла Қодирийга қарши ким кўрсатма берган?

Ўнинчи апрель буюк адиб, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий(Жулқунбой) нинг туғилган куни.

Абдулла Қодирий (Жулқунбой) – ёзувчи, шоир, таржимон, драматург, ХХ аср ўзбек адабиётининг улкан намоёндаларидан бири, ўзбек романчилиги асосчиси. 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрининг Эскижўва маҳалласида туғилган.

Қодирий 1937 йилнинг 31 декабрь куни уйидан НКВДчилар томонидан олиб кетилган.

Рўзани тутманглар чунки Муҳаммад,

Араб саҳросида оч қолган киши.

Қорни тўқ фаровон ўзбек халқининг,

Муҳаммад дини-ла нечпуллик иши.

Ғафур Ғулом  (1903-1966) шери, Мактаб адабиёт китобидан

Исломга қарши шеър ёзган шоир Абдулла Қодирийни диндорлигини рўкач қилиб  устидан ёзиб берган. 1938 йил Абдулла Қодирий отилишидан олдин кўрсатма берган Ғафур Ғулом, 1956 йилда яна бир бор Абдулла Қодирийга қарши кўрсатма беради.

Ўша кўрсатмасида: «Абдулла Қодирий мутаассиб мусулмон эди, у барча диний расм-русумларни қатъиян адо этарди. Шунинг учун турмушимиздаги янгиликлар, хусусан, хотин-қизларнинг паранжи ташлаши ҳам унга ғайритабиий туюларди — бундай ҳодисаларга салбий муносабатда бўларди.

У миллатчи эди, асарларида ўрис халқига нисбатан қаҳр-ғазабини акс эттирган. Жамоа хўжалиги қурилишини қораларди, яккахўжаликни афзал кўрарди. Чунки унинг ўзи хўжаликни яккабош бўлиб бошқариш тарафдори эди.»

Айнан Ғафур Ғулом хам хозирги Исломофобларга ўхшаб Абдулла Қодирийга диндорликни айб қилиб гапирган. Исломофоблар доим шунақа халқ қахрамонларини сотишган афсуски.

Ғафур Ғулом 1938 йилда Абдулла Қодирий ҳақида дастлаб кўргазма бергандан сўнг орадан ўн саккиз йил ўтади. Ва 1956 йил январ ойининг ўн олтинчи куни ТуркҲЎ прокурорининг ёрдамчиси, адлия подполковниги ГРИШЧЕНКО Ўзбекистон Шўро ёзувчилари уюшмасининг аъзоси бўлмиш Ғафур Ғуломни гувоҳ сифатида сўроқ қилади. Бу пайтга келиб Ғ. Ғулом олий маълумот олган ва 1946 йилда қўммунистчи фирқага аъзо бўлган эди. Уша кунги тергов тасдиқномасида асосан қуйидаги кўргазма қайд этилади.

«Савол: Ёзувчи Абдулла Қодирийни биласизми? Унинг ўтмиши ҳақида Сизга нималар маълум?

Жавоб: Мен ёзувчи Абдулла Қодирийни сиртдан, асарлари бўйича 1925-26 йиллардан бери биламан. Шахсан у билан, тахминан, 1932 йили танишганман. Абдулла Қодирий тошкентлик бўлиб, отаси боғбон эди. Қодирийнинг ўзи адабиёт билан шуғулланарди, бўш пайтларида укалари билан боғ юмушларида машғул бўларди.

Савол: 1923-26 йилларда Абдулла Қодирий қаерда, қандай вазифаларни бажарган?

Жавоб: Вақтли матбуотдан менга маълум эдики, у «Муштум» жаридаси билан ҳамкорлик қиларди.

Савол: 1923-26 йилларда «Муштум» жаридасига ким раҳбарлик қилган?

Жавоб’ 1923-26 йилларда «Муштум» жаридасига Ғози Юнусов (ҳажвчи), шоир Чўлпон ва Абдулла Қодирий раҳбарлик қилганлар.

Савол: А. Қодирийнинг «Муштум»даги фаолияти ҳақида Сизга нималар маълум?

Жавоб: Қодирий «Муштум» билан ҳамкорлик қилган пайтларда унинг фельетонлари, ҳажвий ҳикоялари босилиб турарди.

Савол: Абдулла Қодирийнинг ғоявий-сиёсий қарашлари ҳақида нима дейсиз?

Жавоб: Абдулла Қодирий мутаассиб мусулмон эди, у барча диний расм-русумларни қатъиян адо этарди. Шунинг учун турмушимиздаги янгиликлар, хусусан, хотин-қизларнинг паранжи ташлаши ҳам унга ғайритабиий туюларди — бундай ҳодисаларга салбий муносабатда бўларди.

У миллатчи эди, асарларида ўрис халқига нисбатан қаҳр-ғазабини акс эттирган. Жамоа хўжалиги қурилишини қораларди, яккахўжаликни афзал кўрарди. Чунки унинг ўзи хўжаликни яккабош бўлиб бошқариш тарафдори эди.

Савол: Абдулла Қодирийнинг аксилинқилобий хатти-ҳаракатлари борасида нималарни биласиз?

Жавоб: Шахсан менга Қодирийнинг аксилинқилобий хатти-ҳаракатлари тўғрисида ҳеч нарса маълум эмас.

Савол: Қошғарга жўнатиш учун нашр этилган Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» китоби ҳақида нималарни биласиз?

Жавоб: Эсимда бор, бир сафар Абдулла Қодирий менга ўзининг асарларини Қошғарда ҳам ўқишаётгани ҳақида гапириб берган эди ва асарларини уйғур тилида чоп этиб, Қошғарга юборишни орзу қилганди.

Савол: Абдулла Қодирийнинг Вадуд Маҳмуд, Чўлпон, Ғози Юнусовлар билан ўзаро муносабати ҳақида нималарни биласиз?

Жавоб: Менга маълумки, Вадуд Маҳмуд жариндачи эди: у, Чўлпон, Ғози Юнусов (ҳажвчи), Абдулла Қодирий қалин дўст тутинишган эди. Мен Вадуд Маҳмуд билан шахсан таниш эмасман. 1954 йили Сталинободда (ҳозирги Душанбе шаҳри — изох биздан: Н. Б.) Айнийнинг дафн маросимида қатнашган кезларимда Вадуд Маҳмуд бирмунча вақт Сталинободда яшаганини одамлардан эшитдим.

Савол: Абдулла Қодирийдан аксилшўравий руҳдаги фикр-мулоҳазаларни эшитганмисиз?

Жавоб: 1936 йили Қозон шаҳрида сафарда бўлган пайтимиз, биз меҳмонхонада Абдулла Қодирий билан бирга яшадик. Ушанда у, агар уруш бошланиб қолса, албатта, Ҳитлер ғалаба қозонади, деган эди. Суҳбат устида Амин Умарий ҳам бор эди (у 1946 йилда вафот этган). Бу борада бошқа гап-сўз бўлганини эслай олмайман.

Савол: Сиз Наби Шариповни танийсизми? У билан муносабатингиз қандай эди? Наби Шариповнинг уйига борганмисиз?

Жавоб: Наби Шариповни шахсан танимасдим. Лекин 1936 йили бир марта Наби Шариповнинг уйига меҳмонга таклиф этилдим. Ушанда Чўлпон билан Абдулла Қодирий ҳам боришган эди. Наби Шарипов нима иш қилишини билмайман. Чунки унинг уйида бор-йўғи бир марта бўлганман, холос. Эсимда, ўшанда Наби Шарипов хонадонига биздан ташқари, Чўлпоннинг тоғаси — Ўрта Осиёнинг йирик руҳонийси Зоҳириддин Аълам ҳам ташриф буюрди. Тушлик пайтида Наби Шариповнинг отаси билан Зоҳириддин Аълам мусулмон киши ютуққа эгалик қилиши мумкин эмаслиги, аниқроғи, агар заёмга ютуқ чиқса, текин пулдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмаслиги хусусида, ютиб олинган пулни бирорта бева-бечорага ҳадя этиш лозимлиги ҳақида гаплашиб ўтиришган эди. Кейин суҳбат мавзуси кушхонадан гўшт харид қилмаслик тўғрисида кетди; чунки у ерда жонлиқни рисоладагидек сўймайдилар — чалажон ҳолатида ирғитиб юборишади. Ростини айтсам, ҳозир барча гап-сўзларни аниқ эслай олмайман.

Савол: Амин Умарий билан Шокир Суланмоновни танийсизми? Уларнинг тақдири нима бўлган?

Жавоб: Ҳа, Амин Умаров (Амин Умарий) билан Шокир Сулаймоновни адабий фаолияти орқали яхши биламан. Амин Умаров ЎзСШЖнинг ҳар хил нашриётларида хизмат қилган. Шокир Сулаймонов эса шоир эди. Яна айтишим мумкинки, Амин Умаров фаол ёш камол бўлган. 1946 йили Амин Умаров Тошкент шаҳрида вафот этди.

Савол: Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»„ «Меҳробдан чаён», «Обид кетмон», «Калвак махзум» асарлари билан танишмисиз? Номлари зикр этилган асарларнинг ғоявий-тарбиявий аҳамияти, бадиий қиммати ҳақида нима дейсиз? Ўша асарлар Қошғарда чоп этилганми?

Жавоб: Ҳа, Абдулла Қодирийнинг асарлари билан танишман. Қодирий ўзининг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» китобларида Худоёрхон ҳукмронлик қилган даврни ёритган. Абдулла Қодирий бу асарларида ўрнс халқига қаҳр-ғазабини тўкиб солган. Темирланг, Умархон замонидаги «олтин давр»ни қўмсайди. Агар ўшалар каби хонлар бўлганда борми, ўрислар икки дунёда ҳам Туркистонни босиб олишолмасди, деб ҳисобларди. Абдулла Қодирий ўз асарларида Худоёрхонни уқувсиз ҳоким сифатида қоралайди; ўша ярамас охир-оқибатда Туркистонни ўрисларга топшириб қўйди, дейди. «Обид кетмон» романида Қодирий яккахўжаликни улуғлайди, жамоа хўжалиги қурилишини қоралайди. Бу романида Қодирий сифлис (таносил) каби юқумли касалликлар Туркистонга ўрислар томонидан келтирилган, деб талқин этади. Абдулла Қодирий «Калвак махзум» асарида Калвак тнмсолида калавасинипг учини йўқотиб қўйган, эскичага муккасидан кетган мусулмонни тасвирлайди; ҳажвий асар қаҳрамони қулай фурсат туғилдими бас, дарров янгиликни қоралайди, эскиликни тарғиб қилади. Ўз замонида Қодирийнинг бу асари кўп нусхада қайта-қайта нашр этилган.

Савол: Ўзбекистон Йўқсул ёзувчилар уюшмаси ташкилий қўмитасининг собиқ раҳбарлари бўлмиш Қурбонов, Сотти Ҳусаинов, Насрулло Охундийларни танинсизми? Улар ҳозир қаерда?

Жавоб: Ҳа, мен Қурбонов, Ҳусаинов, Насрулло Охундийларни танийман. 1938 йилда Қурбонов Ўзбекистон Йўқсул ёзувчилари уюшмасининг раиси эди, ҳозир у илмий ходим ҳисобланади. Лекин айнан қаерда ишлаётганини билмайман. Сотти Ҳусаинов уруш аайтида қамоққа олинган: эшитишимга қараганда, у жазоланган эмиш. Аммо, қачон, нима учун жазоланганини мен билмайман. Насрулло Охундий ҳозирги пайтда Ўзбекистон Давлат нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишламоқда.

Савол: Педагогика институтининг собиқ профессори Ғози Олим Юнусовни танийсизми?

Жавоб: Мен Ғози Олим Юнусов номини илгари эшитганману, аммо у билан шахсан таниш эмасман. У ҳақда бирор нарса дея олмайман.

Савол. Сиз Иброҳим Назировни танийсизми?

Жавоб. Йўқ, мен Иброҳим Назировни танимайман. Ушбу иш юзасидан шундан бошқа ҳеч қандай кўргазма бера олмайман. Тасдиқномага менинг сўзларим тўғри ёзилган, ўзим ўқиб кўрдим.

Ғ. ҒУЛОМ (имзо)

Адлия подполковниги ГРИШЧЕНКО (имзо)».

Терговчи: ТуркҲЎ прокурорининг ёрдамчиси,

(А. Қодирийнинг жиноятномаси, 4-8-саҳифалар)

 

Сунатилла Алиқулов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ