Жапаров Қирғизистондаги давлат тўнтаришлари адолатсиз сайловлар туфайли содир бўлганини тан олди

Президент Садир Жапаров «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида Бишкекнинг Ленин туманида Жогорку Кенешга депутат сайланишига изоҳ берди.

Жапаров матбуот билан суҳбатда баъзи номзодлар билан учрашувлар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, ўтмишда қўлланилган усулларни унутиш кераклигини айтди.

“Авваллари президентдан дуо олмагунча, сайловга бормасдик. Бундан кейин ҳар қандай вазиятдан қатъи назар, президент ва бошқа амалдорлар сайловга аралашмайди. Мен ҳатто каттароқ сайлов жараёнларига ҳам аралашмаганман. Нима, энди округ сайловига аралашаманми? Ким ғолиб чиқса, депутат бўлсин. Биз ўтмишдан сабоқ олишимиз керак. Сайловларимиз адолатсиз ва бетартиб ўтгани учун уч марта давлат тўнтариши бўлди. Бундан буён биз бунга йўл қўймаймиз ва сабаб ҳам келтирмаймиз”, — деди Қирғизистон президенти.

29 март куни Садир Жапаров Бишкек шаҳридаги 26 сонли бир мандатли Ленин сайлов округи бўйича Жогорку Кенеш депутатлари учун муддатидан олдин сайлов ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Сайлов 28 май куни бўлиб ўтади.

Бунгача мазкур тумандан ЖК депутати Жанибек Абировнинг ваколатлари тугатилган эди. Сайловни ташкил этиш учун 18,6 миллион сом ажратилган.

Айни дамда МСКга сайловда иштирок этиш учун уч кишидан аризалар келиб тушган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ