“Кампиробод иши” доирасида шаҳар суди етти кишини қамоқда қолдирди

9 март куни Бишкек шаҳар суди “Кампиробод иши” бўйича “оммавий тартибсизликлар уюштирганликда” гумон қилинганларнинг бир қисмини ҳибсда қолдиришга қарор қилди.

Бишкек суди матбуот хизматига кўра, сиёсатчилар Бектур Асанов, Азимбек Бекназаров, Жениш Молдокматов, фаоллар Оқилбек Айтбоев, Рита Карасартова, Али Шабдан, Темир Маҳмудовлар 20 апрельга қадар Бишкекдаги 1 сонли тергов изоляторида сақланади.

15—17 февраль кунлари Бишкекнинг Первомайский туман суди “Кампиробод иши” бўйича жамоавий равишда ҳибсга олинганларга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини кўриб чиқди ва уларнинг кўпчилигини ҳибсда сақлаш муддатини 20 апрелга қадар узайтирди. Айбланувчилар туман судининг қарори устидан шаҳар судига шикоят қилишган. 10 март куни Бишкек шаҳар судида “Кампиробод иши” бўйича ҳибсга олинганларга нисбатан профилактика чоралари муҳокамаси давом этади.

Ўрозойим Нарматова, Перизат Суранова, Нурлан Асанбеков ва Талантбек Эшалиев айни вақтда уй қамоғида сақланмоқда.

2022 йилнинг 23-28 октябрь кунлари мамлакатда 30 га яқин мухолифатчи сиёсатчилар, ҳуқуқ фаоллари ва блогерлардан иборат гуруҳ оммавий ҳибсга олинган эди. Бунга уларнинг 22 октябрь куни Бишкекдаги ресторанларнинг бирида Кампиробод сув омбори масаласида ўтказган йиғилиши сабаб бўлган.

ИИВ қўлга олинганларни жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли далиллар мавжудлигини маълум қилди. Ҳибсга олинишидан олдин Кампиробод сув омбори ерларининг Ўзбекистонга берилишига қарши бўлиб, “Кемпирободни муҳофаза қилиш қўмитаси”ни тузган фаоллар айбловларни сиёсий таъқиб, деб даъво қилишди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ