Бу миллатга жадидлар керак…

Жаҳон адабиётидаги энг машҳур, савияли китобларга назар солсак, у китобларда ўша давр муаммоларини дақиқ нуқталаригача очиб бериш, ўша замон муҳитига олиб кириш аъло даражада бажарилган. Шунинг учун ҳам бу китоблар йиллар довонидан муваффақиятли тарзда ўтиб келмоқда.

Адабиёт даромад қиладиган соҳа эмас. Адабиёт – миллат тарбияловчисидир. Адиб шуни тушуниб етиб, елкасидаги масъулиятни ҳис қилиб ёзса, унинг асари барҳаёт қолади. Ҳақиқий асар йиллар ўтгани сайин унутиладиган асар эмас, аксинча, вақт ўтгани сайин эъзозланадигани, қадр топадиганидир.

Ўз адабиётимизга назар солсак, у турли хил даврларга бўлинганига гувоҳ бўламиз. Мустақиллик даври адабиёти, Шўро даври адабиёти, Жадид адабиёти ва ҳоказо. Бугунги кунда энг эъзозланаётгани эса Жадид адабиётидир. Хўш, нима учун айнан жадидлар? Бунга бир қанча омиллар бор.

«Жадид» сўзи арабча сўз бўлиб, «янги» деган маънони англатади. «Жадид» номи остида   майдонга чиққан зиёлиларимиз миллатни  нотўғри тушунчалардан ислоҳ қилиш, уларнинг «қонини» янгилашга қаттиқ бел боғлашди. Тўйларда ҳаддан зиёд сарф харажат қилиш, илмсизлик, юмшоқ ҳаётга ўрганиб қолиш каби иллатлардан қутулишга даъват этишди. Бу гоҳ газеталар ва романлар орқали бажарилса, гоҳида спектакллар орқали бажариларди. Улар том маънода «янгиловчи» бўлишди.

Лекин, у пайтлар диёрларимиз мустамлакачилик остида эди. Ҳуррият учун қурол кўтариб курашганларга «босмачи» тамғаси босилди, қалам орқали курашганлар эса бир зумда «ватан хойини»га айланишди. Жадидлар  миллатнинг чироғи эдилар, жаҳолат зулматидан чиқиб, ёруғлик томон авомни етаклашни истардилар. Таассуфки, бунга эриша олмадилар. Жадидлар Олмонияга юборган етмиш талаба турли хил айбловлар билан сургун қилинди ёки қатл қилинди. Жадидларнинг ўзи ҳам изсиз ғойиб бўлдилар.

Улар узоқ яшамадилар, лекин улар билан келган  «маърифат шамоли» ҳали ҳам эсиб турибди. Зиёлиларимиздан «Ўткан кунлар», «Кеча ва Кундуз» каби дурдона асарлар мерос бўлиб қолди. Агар у асарларни ўқисак, ўша давр дардини тотишимиз, ўша муҳитда яшашимиз мумкин бўлади. Улар оз яшашди, лекин шу қисқа вақт ичида қандай яшаш кераклигини ҳам ўргатиб кетишди.

Улардан сўнг «ура-ура»чилар адабиёт қошига келди. Минбарлар маддоҳларга қолди. Қуллик миллатнинг қон-қонига сингиб кетди. Юз йил аввалги иллатлар ҳали ҳам жамиятимизда мавжуддир. Йўқ, у муаммолар шунчаки мавжуд эмас, улар яна ҳам гуркираб ўсган, томир отган, мустаҳкамлашган.

Хулоса.

Илмсизлик, маддоҳлик, эл оғзига қараб яшаш каби иллатлардан қачон қутуламиз? Қачонки жадидлар яна майдонга чиқса. Улар яна адабиётимизни тирилтирса. Ўша  жадидлар ким?  Сиз ва мен. Фақат унинг учун кўпроқ ўқишимиз, уқишимиз, «жадид» деган номга муносиб бўлишимиз лозим. Жамиятни ислоҳ қилишдан аввал, ўзимизни ислоҳ қилишимиз даркор. Воиз эмас, олим бўлишимиз керак. Кейин гапимиз таъсирли, қаламимиз ўткир бўлади.

Авазбек Мирсаитов, Ўш

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ