Қирғизистонда “Керемет Банк” иши бўйича қўлга олинганларнинг барчаси ҳибсга олинди

“Керемет Банк” бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида қўлга олинганлар 1-тергов изоляторига жойлаштирилди. Бу ҳақда Озодликка Бишкек шаҳар суди матбуот хизмати хабар берди.

Шаҳар суди маълумотларига кўра, фирибгарлик ва жиноий даромадларни легаллаштиришда гумон қилинган бешдан ортиқ шахс уч ой давомида изоляторда сақланади. Шу билан бирга, суд органи иш бўйича айбланувчиларнинг исмлари ва аниқ сонини айтмади. Бундан ташқари, суд жараёнлари санаси ҳали маълум эмас.

Аввалроқ, 23 декабрь куни Бош прокуратура Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари, МХХ терговчиси Б. М. ва А. М. ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. 22 декабрь куни назорат органи шунингдек, “Керемет Банк”и раиси Мақсат Дадибоевнинг 2023 йил 14 февралгача Бишкек гарнизони қоровулхонасига жойлаштирилгани ҳақида хабар берди.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, декабрь ойи бошида назорат органи “Керемет банк”нинг айрим вакилларига нисбатан Жиноят кодексининг «Фирибгарлик», “Жиноят даромадларини қонунийлаштириш (легаллаштириш)”, “Ҳужжатларни қалбакилаштириш” моддалари билан жиноят иши қўзғатган.

“Керемет Банк” Қирғизистонда фаолият юритувчи тижорат банкидир. 2018 йил октябрь ойидан бошлаб Қирғизистон Республикаси Миллий банки банк акцияларининг асосий эгасига айланди, унинг улуши 2020 йил декабрь ойида эълон қилинган охирги эмиссиядан кейин 97,45 фоизни ташкил этди.

Илгари “Керемет Банк” «Россия инвестиция банки» ОАЖ деб номланган, аммо 2019 йилда молия институти ўз номини ўзгартириб, Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтказилди.

Ўшанда Миллий банк 2018 йил давомида «Росинбанк»да ликвидлик муаммоси юзага келгани, бу эса «Росинбанк»нинг собиқ ходимлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида тарқалган салбий маълумотлар ва қўшимча солиқ талаблари туфайли депозитларнинг эрта чиқиб кетиши билан боғлиқ бўлганлиги ҳақида хабар берди. Шу муносабат билан Миллий банк «Росинбанк» ОАТ ликвидлигини сақлаш учун кредитлар ажратди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ