“Қирғизистон Ата-Журт” фракцияси депутати Женишбек Тўкторбоев тегишли қўмита йиғилишида “Қирғизистон Президенти фаолиятининг кафолатлари ва собиқ президенти мақоми тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритишни тақдим этди.
6 декабрь куни “Қирғизистон Ата-Журт” фракцияси депутати Женишбек Тўкторбоев тегишли қўмита йиғилишида “Қирғизистон Президенти фаолиятининг кафолатлари ва собиқ президенти мақоми тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритишни тақдим этди.
У республика буджети маблағлари ва давлат мулкидан оқилона фойдаланиш мақсадида собиқ президентнинг моддий таъминотини қисқартиришни таклиф қилишини таъкидлади.
“Собиқ президент бутун умри давомида давлат хавфсизлиги билан таъминланган, унга давлат қароргоҳида уй-жой, транспорт, тиббий хизмат кўрсатилмоқда, президент маошининг камида 75 фоизини олади. Бизда 5 та президент бўлган, лекин улар орасида уйи, машинаси йўқ камбағал одам йўқ. Нафақат президент, балки унинг қариндош-уруғлари, дўстлари, ҳатто ҳайдовчилари ҳам бойиб бораётганини жамоатчилик яхши билади”, — деди Тўкторбоев.
У собиқ президентнинг давлат раҳбари маошининг 75 фоизи миқдоридаги пенсиядан ташқари барча кафолатларини бекор қилишни таклиф қилди.
Депутатга кўра, бу норма қабул қилинган тақдирда фақат Қирғизистоннинг бўлажак собиқ президентларига тегишли бўлади.
Муҳокама якунлари бўйича қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.
Қирғизистоннинг барча собиқ раҳбарларидан фақат Сооронбай Жеенбеков ва Роза Отунбоева собиқ президент мақомига эга. Жеенбеков давлат резиденциясида яшайди, Отунбаева 2021 йилда қароргоҳдаги уйни тарк этган. Собиқ давлат раҳбарлари Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбаев собиқ президент мақомидан маҳрум этилган.