Садир Жапаров: Қирғизистон ва Тожикистон чегара бўйича дастлабки келишувга эришди

Қирғизистон ва Тожикистон чегара бўйича дастлабки келишувга эришди, деди Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 25-26 ноябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтган миллий қурултойда.

Унга кўра, Тожикистон делегациясининг Қирғизистонга сафари чоғида чегара бўйича ҳужжатлар имзоланади.

«Бизнинг асосий мақсадимиз ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, бир ҳукуматдан иккинчи ҳукуматга ўтиб келаётган барча чегара муаммоларини кейинги авлодларга қолдирмасдан ҳал қилишдир. Ҳозир биз қўшни Тожикистон билан чегара муаммоларини ҳал қилишга тўлиқ киришдик ва бу борада барча саъй-ҳаракатларимизни амалга оширмоқдамиз”, — дея Қирғизистон президентининг сўзларидан иқтибос келтирган «ТАСС».

Садир Жапаровнинг таъкидлашича, тўқнашувларда чегарачилар ва маҳаллий аҳолининг ҳаёти қисқарган фожиали воқеаларнинг асосий сабаби “чегара чизиқларини аниқлаштириш жараёнлари тугалланмагани ва узоқ муддатга чўзилгани”дир.

17 ноябрь куни Қирғизистон парламентида сўзга чиққан Садир Жапаров янги йил олдидан мамлакат раҳбарияти Тожикистон билан чегарадаги муаммоларни ҳал қилишни режалаштираётганини таъкидлади. “Худо хоҳласа, ҳеч қандай тўсиқ бўлмаса, Тожикистон билан чегара масалаларини янги йилгача ҳал қилишни режалаштирганмиз. Биз тўртта қўшни давлат билан тинч ва тотувликда яшашимиз керак. Чегарада бирорта ҳам аскар ўлмаслиги керак”, деди Қирғизистон президенти ўшанда.

Бир ҳафта олдин Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Тожикистон пойтахтида икки давлат делегациялари ўртасидаги музокаралардан сўнг Бишкек ва Душанбе ўзаро муносабатларни тавсифлаш масаласида ўзаро келишувга эришганини маълум қилган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ