Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари чегара ҳамда савдо масалаларини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев 19 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, мулоқотда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Турли даражаларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган.

Эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда бешта муҳим йўналиш — давлат чегарасига оид масалаларда, савдо-сотиқни кўпайтириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, транспорт ва энергетика соҳаларида қўшма инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш борасидаги амалий ҳамкорликда аниқ натижаларга эришишга алоҳида эътибор қаратилган. Минтақавий мулоқот масалалари муҳокама қилинган. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви кун тартибини ҳар томонлама тайёрлаш муҳимлиги қайд этилган.

Етакчилар икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан.

Шавкат Мирзиёев 26 май куни Қирғизистонга ташриф буюради. Шу куни Қозоғистон раҳбари Тўқаев ҳам келади. Бу ҳақда Садир Жапаров маҳаллий нашрга берган интервьюсида айтиб ўтган: «Ҳар нарсанинг ўз вақти бор. Бирорта президент юртимизга ташриф буюрмагани ҳақида гапираётганларга айтмоқчиман — сабр қилинг, ҳаммаси келади».

Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни ҳам Қирғизистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилган. Давлат раҳбарлари Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича инфратузилмавий лойиҳалари бўйича фикр алмашган.

2021 йилнинг мартида Садир Жапаров давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келганди. Ўшанда Кўксарой қароргоҳида президент Садир Жапаров ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий учрашув маросими бўлиб ўтганди, шундан сўнг давлат раҳбарлари тор ва кенгайтирилган таркибда икки томонлама музокаралар ўтказди. Музокаралар якунида икки мамлакат президентлари қўшма баёнотни қабул қилган. Унда очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда ўтган музокаралар самарали бўлганлиги қайд этилган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ