Рашод Камолов озодликка чиқди

Ўш вилоятининг Қорасув туманида жойлашган “Ас-Сарахсий” масжиди имоми Рашод Камолов озодликка чиқди.

Бу ҳақда Узпрессга Рашод Камоловнинг адокати Ҳусанбой Солиев маълум қилди.

“Рашод Камолов бугун тушдан кейин қамоқдан озод этилди. У 2015 йили 10 йилга ҳукм қилинган эди. Агар маҳкум муддатининг учдан иккисини ўтаб бўлса, уни муддатидан аввал озод этишлик бўйича судга мурожаат қилса бўлади. Биз шу имкониятдан фойдаландик”, дейди адвокат.

Қорасув шаҳридаги йирик «Ас-Сарахсий» масжиди имоми лавозимида ишлаб келган Рашод Камолов 2015 йилнинг феврал ойида қўлга олинган эди.

Ўша йилнинг 7 октябрь куни Ўш вилояти Қорасув туман суди имом Рашод қори Камоловни “диний адоват қўзғаш” ҳамда “экстремистик материалларни сақлаш ва тарқатиш”да айбдор деб топиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

25 ноябрь куни Ўш вилоят суди адвокатларнинг аппеляция аризаларини кўриб чиқиб, Рашод Камоловнинг қамоқ муддатини 10 йилга узайтирган.

Кейинчалик Олий суд ҳам Ўш вилоят суди ҳукмини кучида қолдирган.

Рашод Камолов Қорасув шаҳридаги «Ас-Сарахсий» масжидига 2006 йилнинг август ойидан бери имомлик қилиб келган.

Унинг отаси Муҳаммадрафиқ Камолов ўша йилнинг август ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон махсус хизматларининг Ўш шаҳри четида ўтказган махсус амалиёти чоғида отиб ўлдирилган.

 

 

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ