Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Артем Новиков БМТнинг Қирғизистондаги агентликларининг вакиллари билан онлайн тарзда учрашди. Бу ҳақда ҳукуматнинг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Новиков БМТга COVID-19 пандемияси пайтида кўрсатган гуманитар ва техник ёрдами учун миннатдорчилик билдирган.
Шу билан бирга, у ижтимоий-иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этиш бўйича шошилинч чоралар масаласини кўтарган.
Шунингдек БМТнинг Қирғизистондаги доимий координатори Озонниа Ожиело 2021-2022 йилларда ташкилот дастури доирасида катта миқдордаги маблағ ажратишини айтган.
Учрашув якунида томонлар 10-мартга қадар бешта асосий йўналиш бўйича дастур доирасини ишлаб чиқиб, Қирғизистон ҳукуматига тақдим этиш тўғрисида келишиб олдилар.
COVID-19га ижтимоий-иқтисодий томондан тезкор чора кўриш тўғрисидаги БМТнинг дастур доираси беш йўналишдан иборат:
Инқироз даврида соғлиқни сақлаш тизимлари ва хизматларини қўллаб-қувватлаш;
Инсонни ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя ва базавий хизматлар;
Иқтисодий реакция ва жонлантириш: иш жойларини, кичик ва ўрта бизнесни, норасмий сектор ишчиларини ҳимоя қилиш;
Макроиқтисодий чораларга жавоб бериш ва кўп тармоқли ҳамкорлик;
Ижтимоий бирлик ва маҳаллий жамиятнинг барқарорлиги.