Дунёнинг етакчи нашрлари асос солган “One Free Press Coalition” ташкилоти зудлик билан озод этишни ёки адолатли суд қарори чиқаришни талаб қилиб ҳар ойда 10 журналист рўйҳатини эълон қилади. Коалициянинг май ойи учун тайёрланган рўйҳатида қирғизистонлик журналист Азимжон Асқаров номи биринчи рақам остида қайд этилди.
Коалиция журналист ишига адолатли ёндашишни, хусусан, COVID-19 пандемияси хавфини инобатга олиб, уни зудлик билан озод этишни сўрамоқда.
Миллати ўзбек журналист Қирғизистон жанубида 2010-йилдаги миллатлараро низолардан кейин умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган Азимжон Асқаров июнь воқеалари вақтида Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаган милиция ходими Миқтибек Сулаймановни ўлдиришда айбланган. Бундан ташқари унга қарши оммавий жанжал асносида оммавий тартибсизликларни уюштириш ҳамда миллатлараро низо қўзғаш айблари қўйилган.
Асқаров қўлга олингандан кейин ўзига қарши бир неча кун қийноқ қўллангани ҳақида адвокатига айтиб берганидан сўнг у ҳимояланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
“Азимжон Асқаровнинг иши 2010-йил июн воқеалари бўйича олиб борилган суд жараёнлари қонунни оёқ ости қилиб, адолатсизлик билан ўтганини кўрсатиб берувчи ёрқин бир намуна”, – дейди қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдумўмин Мамараимов “Америка Овози” билан суҳбатда.
Унинг фикрича, Асқаров инсон ҳақлари ҳимоячиси бўлиб туриб, ўзи яшаган тумандаги барча суд, тергов органларидаги, прокуратурадаги ходимларнинг ҳаммаси билан, туман ҳокими билан шахсан таниш бўлган. Улар бир-бирларини яхши билган.
“Шунга қарамай у одамни билиб туриб, у одамнинг аввал уларнинг фаолиятига қарши олиб борган ишлари, танқидлари, уларнинг қонунсизликларини ошкор қилиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб юргани учун ўч олиш мақсадида амалга оширилган суд бу. Тергов-суд мана шу руҳда ўтди”, – дейди у.
Жавобсиз қолаётган халқаро тавсиялар
Яқинда Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи «Amnesty International», «Civil Rights Defenders», «Front Line Defenders», «Human Rights Watch» ҳамда Инсон ҳақлари учун халқаро ҳамкор ташкилотлар Қирғизистон Президенти Сўўрўнбай Жээнбековга Азимжон Асқаровни озод қилишни сўраб мурожаат қилишди.
Мурожаат муаллифлари Асқаров 68 ёшда эканини, узоқ йиллар давомида юрак ҳамда ўпка касаликларидан жабрланиб, “тегишли ҳамда етарли шаклда даволана олмаётганини” таъкидлайди. Уларга кўра, Асқаров коронавирус юқтириш хавфи юқори бўлган тоифага мансуб.
Европа Иттифоқининг Хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини 2019-йили Қирғизистонга қилган сафари вақтида Асқаровнинг иши “муҳокама босқичида” эканини билдирган, аммо сўзлашувлар ҳақида батафсил маълумот ошкор қилмаган эди.
2017-йили Қирғизистоннинг ўша вақтдаги президенти Алмазбек Атамбаев Брюсселда Европа давлатларининг етакчилари билан бўлган учрашувда Азимжон Асқаров масаласида ўз фикрини айтган. “Озодлик” радиосининг Брюсселдаги мухбири Рикард Жозвиакга кўра, Алмазбек Атамбаев бу йиғинда Асқаров озод қилинмаслигини айтган.
Алмазбек Атамбаевнинг президентлиги даврида расмийлар Асқаровнинг айбдор эканига ишонишган. Унинг АҚШ Давлат департаменти тарафидан мукофотланиши халқаро жанжалга сабаб бўлган. Ўша вақтда давлатлар орасидаги ҳамкорлик бўйича икки томонлама базавий битим бекор қилинган.
Шунча йилдан бери БМТдан бошлаб, барча инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровни озод қилишни талаб қилиб келганига қарамай, натижа бўлмаяпти.
“Чунки агар Асқаров ноҳақ қамалган деб, чиқариб юборилса, ҳокимият ўша пайтда қилган барча адолатсизликларини бўйнига олиши керак бўлади ва албатта бунинг ортидан жуда кўп одамлар жавоб беришига тўғри келиб қолади”, – дейди Абдумўмин Мамараимов.
Журналистнинг қўшимча қилишича, у ўн йилдан бери давом этаётган мазкур ишда адолат қарор топишидан ҳали умидвор.
“Мен бугунги ҳокимият, кўплаб сиёсатчилар вазиятни тўғри тушуниб, тўғри баҳолай оладиган одамлар деб умид қиламан. Бундай одамлар аввал ҳам бўлган, фақат бу ҳақда айтишдан ўзини тийиб келган. Айрим сиёсатчиларни ҳисобга олмаганда. Масалан, собиқ бош прокурор Қубатбек Байболов Азимжон аканинг айбсиз эканини, унинг юқоридан қилинган талаблар натижасида қамалганини очиқ айтган. Менимча, шундай сиёсатчилар ҳозир ҳам бор. Улар ҳам вақти келиб ўз сўзларини айтса керак ва ҳокимиятнинг мазкур ишни ижобий ҳал қилишдан бошқа имкони қолмайди деб ўйлайман”, – деб қўшимча қилади журналист ва ҳуқуқ фаоли Мамараимов.
Азимжон Асқаровнинг турмуш ўртоғи Хадича Асқарова ҳам Қирғизистоннинг юқори лавозимдаги расмийларига кўплаб мурожаатлар йўллаб келади. У охирги мурожаатини Президент Сўўрўнбай Жээнбековга йўллаб, турмуш ўртоғи ноқонуний ҳукм қилингани ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари Қўмитасининг қарорини эслатиб, президентдан судяларни қонун устуворлигига амал қилишга чақиришни чақирган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси остеохондроздан азият чекаётгани, бўғин оғриқлари азоб бераётгани ва унга бирор бир дори таъсир қилмаётганини айтган Хадича Асқарова ўз мурожаатларига ҳеч қандай жавоб олмаганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
1-май куни Қирғизистон парламенти депутатлари иккинчи ва учинчи ўқишда Улуғ ватан урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги ва Апрел инқилобининг 10 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.
Аммо Асқаровнинг адвокати Валерян Вахитов мижозининг иши мазкур амнистияга тушмаслигини билдирди.
“Амнистия бўйича қонун лойиҳасида 60 ёшдан катта эркаклар ва 55 ёшдан катта аёлларни, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган имконияти чекланган шахсларни, вояга етмаган ёки ногирон фарзандлари бўлган оиланинг ягона боқувчисини қамоқдан озод қилиш кўзда тутилган. Аммо умрбод озодликдан маҳрум қилинган шахсларга амнистия қўлланилмайди”, – дейди адвокат.
Апрел ойида Қирғизистон Олий суди Асқаровнинг ишини кўриб чиқиб, унинг тақдирига боғлиқ масалани узил-кесил ҳал қилиши керак эди. Аммо суд мамлакатдаги коронавирус пандемияси сабабли қолдирилган.
Адвокат Валерян Вахитовнинг айтишича, мазкур суд иши 11-майда кўриб чиқилиши кутилмоқда.