Озарбайжон Бишкекка парк ва 550 ўринли мактаб қуриб беради

Бишкек мэри вазифасини бажарувчи Балбақ Тулўбаев Озарбайжон Республикасининг Қирғизистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ўруджев Ҳидаят Худуш ўғли билан учрашди. Бу ҳақда шаҳар мэрияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

 

Маълумотга кўра, томонлар пойтахтнинг жанубий қисмида янги дўстлик боғини қуриш ва ободонлаштириш, Кўк-Жар аҳоли пунктида 550 ўринли умумтаълим мактаби қурилишини муҳокама қилдилар. Иккала лойиҳа ҳам Озарбайжон томонидан молиялаштирилади.

 

Балбақ Тулўбаев Бишкек учун икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, шаҳар инфратузилмасини яхшилашда кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш учун самимий миннатдорлик билдирди.

 

«Шаҳарнинг жанубий қисмида, Дайир Асанов номидаги паркнинг олдида яна бир янги жамоат майдони бунёд этилмоқда. Бу Озарбайжон Республикасининг шаҳарликларга ва пойтахт меҳмонларига совғаси бўлади.

 

5,5 гектар майдонда жойлашган паркда фавворалар ва декоратив бассейнлар, очиқ амфитеатр ва павилонлар, болалар ўйин майдончалари қурилади», – деб ёзилади маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, 2019-йилда пойтахт муниципалитети билан Озарбайжоннинг Қирғизистондаги элчихонаси 550 ўринли мактаб ва янги истироҳат боғи қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаганлар.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ