Чегарадан ноқонуний кириб, Ўш шаҳрида талончилик билан шуғулланган тўрт нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди

8-январь куни Андижон орқали чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва Ўшдаги телефон дўконини талаган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган. Бу ҳақда бугун, 11-январь куни Ўш шаҳар ИИБ матбуот котиби Абсатар Тавакалов маълум қилди.

 

 

Маълумотларга кўра, гумонланувчилар Ўш шаҳрининг Абсамат Масалиев кўчасида жойлашган «Цифровик»  мобил телефон дўконидан қиймати 500 минг сом бўлган «Самсунг»  ва «Айфон»  телефонларини ўғирлаб кетишган.

 

“Осиёлик кўринишга эга тўрт киши юзларига тиббий юзқоб кийиб кириб, сотувчи М.С.ни калтаклаб, дўкон ойнасида саф тортиб турган уяли телефонларни ўғирлашган. Жиноий милиция ходимлари томонидан ушбу жиноятга алоқадорликда гумон қилиниб, тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси – 1996-йилда туғилган А.Ж., 2001 йилда туғилган Р.А., 2002 йилда туғилган У.А. ва 1999 йилда туғилган К.М., ушланди. Тинтув пайтида улар ҳар хил турдаги уяли телефон, катлама пичоқ ва рақами олиб ташланган тўппонча топилди. Ҳозирда тўппонча экспертизада. Ушбу факт Жиноят кодексининг 202-моддаси (талончилик) билан рўйхатга олинган ва судгача бўлган иш юритишга юборилган.

Гумонланувчиларни дастлабки сўроқ қилиш пайтида улар жиноятини тан олишди, Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидан Ўш шаҳрига 7-январь куни ўтиб келишган, 8-январь куни «Цифровик» дўконини ўғирлашган ва Ўзбекистонга кетишни режалаштиришганини маълум қилишди», – деди у.

 

Тергов давомида уларнинг Жалолобод вилоятида ҳам худди шундай талончилик билан шуғулланганликлари аниқланди. Уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Ҳибсга олинганлар Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига олиб кетилган ва бу ерда ҳар томонлама тергов ишлари олиб борилмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ